Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 10 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Фарғонада 8 та янги мактаб қурилмоқда

×

 2020-05-25 17:15:53    63

PDF yuklash
Chop etish


Фарғона вилоятида умумтаълим мактаблари моддий-техник имкониятларини мустаҳкамлаш, ўқув бинолари, лаборатория ва спорт залларини таъмирдан чиқариш, янги бинолар қурилиши жадал давом эттирилмоқда.

Жорий йилги Инвестиция дастурига асосан 8 та умумтаълим мактабини янгитдан қуриш ва жаҳон андозалари даражасида спорт комплекслари барпо этиш, 12 та таълим муассасасини реконструкция, 5 та билим даргоҳида мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Айни чоғда мазкур дастурдан ўрин олган умумтаълим мактабларида иш қизғин. Қурувчилар карантин шароитида белгиланган гигиена шартларини қатъий тутган ҳолда меҳнат қиляпти. Ўзбекистон туманида учта умумтаълим мактаби дастурга киритилган бўлиб, қурувчиларнинг ҳаракат бошлаганига анча бўлди.

6-умумтаълим мактабида 650 нафарга яқин ўқувчи ўқийди. Мактабнинг том қисми, эшик-деразаларини янгилаш, спорт залини мукаммал таъмирлаш учун 1 миллиард 176 миллион сўм маблағ ажратилди. Бугун таълим масканида қурилиш ишлари авжида. Кичик Тагоб аҳлининг кўп йиллик орзуси яқин кунларда рўёбга чиқади. “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтган йили 315 ўринли 68-умумтаълим мактаби янгитдан қуриб битказилган эди. Айни кунларда мактабда мукаммал шароитларга эга спорт зали қурилиши жадаллик билан давом этмоқда.

Туманнинг “Ҳайдаробод” маҳалла фуқаролар йиғинида кейинги йилларда намунавий лойиҳалар асосида кўплаб уй-жойлар бунёд этилиб, ҳозирги кунда янги маҳаллада юздан ортиқ оилалар истиқомат қилмоқда.

– Маҳаллада 264 ўринли янги мактаб қурилишига киришилгани ҳудуддаги ёш оилаларни жуда ҳам мамнун этди, – дейди Ўзбекистон тумани халқ таълими бўлими мудири Нафисахон Нишонова. – Шу йилнинг сентябридан ўқувчиларга қучоқ очадиган мактаб қурилиши учун 5 миллиард 178 миллион сўм маблағ ажратилди. Бутун дунёда коронавирус пандемиясига қарши жиддий кураш кетаётган бундай шароитда юртимизнинг эртанги кун истиқболи учун кўрсатилаётган юксак эътибор ва рағбат жуда ҳам қувонарлидир.

Айни кунларда вилоятнинг барча шаҳар-туманларида фарзандларимиз маънан ва жисмонан баркамол авлод бўлиб улғайишлари учун мактабларда қурилишлар, замонавий шарт-шароитлар яратиш борасида изчил саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Қурилиш ишларини молиялаштириш, зарур бинокорлик материалларини узлуксиз етказиб берилаётгани пудратчи ташкилотлар меҳнат унуми юқори бўлишини таъминламоқда.

М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА

Манба ва фото: ЎзА