Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Депутат Мавлудахон Ходжаева сайловчилар билан учрашди
2020-02-29 21:13:19 224
Кеча, 28 феврал куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, палатанинг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлудахон Ходжаева сайловчилар билан учрашди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 102-Яйпан сайлов округидан сайланган депутатнинг фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлари амалий руҳда ўтди.
Депутат куннинг биринчи ярмида Ўрта қишлоқ маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 25-умумий ўрта таълим мактабида ҳамда Яккатут маҳалла фуқаролар йиғинида сайловчилар билан учрашган бўлса, куннинг иккинчи ярмидаги учрашув туман ҳокимлиги мажлислар залида давом этди.
Ташкил этилган учрашувларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатига, халқ депутатлари Ўзбекистон туман Кенгашининг депутатлари, партия аъзолари, тумандаги ташкилот ва муассалалар вакиллари ҳамроҳлик қилишди.
Самимий руҳда кечган учрашувларда депутат М.Ходжаева томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 24 январ куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси, бугунги кунда умумхалқ муҳокамасида бўлган “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, дастур ижроси бўйича белгиланган вазифалар ҳақида кўплаб батафсил маълумотлар берилди.
Президент мурожаатномасида берилган кўрсатма ва топшириқлар Қонунчилик палатаси томонидан қай даражада ижро этилаётгани, бу борада палата томонидан тузилган иш режасида ўрин олган тадбирлар ҳақида сайловчиларни бохабар қилди.
Учрашувда Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қонунчилик ташаббускорлиги йўналишида амалга оширилаётган ишлар, палатага киритилаётган қонун лойиҳаларини ишлаш жараёнлари, хусусан “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририни тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг Қўшма қарорига асосан тасдиқланган “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом”ни ишлаб чиқиш жараёнлари, бу борада қайси мезонларга амал қилинганлиги тўғрисида берилган маълумотларни сайловчилар катта қизиқиш билан қабул қилишди.
Шунингдек, куни кеча, 27 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилишида илгари сурилган мавзулар хусусида ҳам атрофлича фикр юритилди.
Учрашувларда депутат сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Билдирилган ҳар бир таклиф ва муаммолар инобатга олиниб, муаммоларни бартараф этиш бўйича албатта зарурий чоралар кўрилиши, тегишли ташкилот, муассасаларга, Республика даражасида ҳал этиладиган масалалар юзасидан ҳам тегишли Вазирлик ва қўмиталарга депутатлик сўровномаларини юбориш орқали ҳал этиш чоралари кўрилиши белгиланди.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати