Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Коронавирус нима ўзи? Ундан қандай ҳимояланиш керак?
2020-02-26 09:15:41 171
Донишмандлар «Билимли одам қуролланган бўлади» дейишганда шубҳасиз ҳақ бўлишган. Бу нима дегани? Агар сиз гигиена, соғлом турмуш тарзи, турли касалликларнинг келиб чиқиши ва олдини олиш чораларини билсангиз, онгли равишда ўз саломатлигингиз хавфсизлигини таъминлай оласиз. Хўш, бугунги кунда дунё аҳолиси саломатлигига хавф солиб турган янги турдаги коронавирус ҳақида қанчалик хабардормиз?
Коронавирус нима ўзи?
Коронавируслар оиласига 40 турдаги РНК сақловчи вируслар киради. Вирус қобиғидаги ўсиқчалар тож шаклида бўлганлиги сабабли коронавирус деб юритилади.
Бу вирус кеча пайдо бўлгани йўқ. Илк марта бу оилага мансуб вирус 1965 йилда ўткир респиратор инфекция билан оғриган беморда аниқланган. Кейинчалик бу вирус «унутилди». 2002-2003 йилга келиб Хитойда оғир кечувчи ўткир респиратор синдром айнан шу вируслар сабабли ривожланганида, у яна эсга тушди. Хитойдан ташқари Яқин Шарқда, Жанубий Кореяда ушбу вирус сабабли пневмония тарқалган даврлар бўлган.
Вирус бемор одам ёки ҳайвондан юқади. Юқиш йўллари эса ҳаво-томчи, ҳаво-чанглар, фекал-орал, контакт усулидадир. Ўткир респиратор инфекция билан ётқизилган беморларнинг таҳминан 12% қисмида ушбу вирусни аниқлаш мумкин. Бу вирус билан касаллангандан сўнгги иммунитет узоқ муддат сақланиб қолмайди. Шу сабабли бу вирус юқиши натижасида қайта касалланиш эҳтимоли мавжуд. Вирусга қарши маҳсус антитаналарни умумий аҳолининг таҳминан 80% қисмида аниқланиши, ушбу вирусларни кенг тарқалганлигини билдиради.
Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунлари дунёда коронавирус билан касалланганлар сони кескинортди. Шу билан бирга, расмий равишда SARS-CoV-2 деб номланган вирус Хитой чегаралари ва ачинарли равишда “сузувчи Петри пиёласи» лақабини олган «Даймонд Принцесс» круиз кемасидан ташқарига чиқиб кетди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда 78 мингга яқин киши коронавирус билан касалланган, улардан 2663 киши вафот этган. Бошқа ўнлаб мамлакатларда 2000 дан ортиқ инфекцияга чалиниш ҳолати ва 37 та ўлим ҳолати қайд этилган.
Зотилжам вируси келтириб чиқарувчи касаллик ҳолатлари ўтган ҳафта Жанубий Корея, Эрон ва Италияда авж олди, бу мамлакатларда сўнгги кунлар ичида ўнлаб кишилар вирус юқтириш оқибатида оламдан ўтди.
Душанба куни Ироқ, Афғонистон, Кувайт, Уммон ва Баҳрайн давлатлари вирус юқтириб олган илк беморлар ҳақида хабар беришган-бу ҳолатларнинг барчасида Эрондан келган фуқаролар касаллангани аниқланган. Баҳрайн расмийларининг маълум қилишича, коронавирус мактаб автобуси ҳайдовчисида топилган ва натижада бир нечта мактаблар ёпилди.
Коронавирус касаллиги асосан хайвонлардан хамда бемор одамдан, соғлом одамга юқори нафас йўллари орқали бемор билан мулоқотда бўлганда, касалланган ҳайвонлар махсулотларини етарли даражада термик ишлов бермасдан истеъмол қилганда хамда ушбу вирус билан ифлосланган қўллар орқали хам юқиши мумкин.
Коронавирус юққандан кейин 1-14 кун ўтиб, беморда тана хароратини кўтарилиши, кўз ва бурундан суюқлик оқиши, йўтал аломатлари кузатилади, асосий асоратларидан бири пневмония (зотилжам) ўпканинг яллиғланиши натижасида нафас олишнинг қийинлашиши ҳисобланади.
Хозирги кунда унга қарши вакцина мавжуд эмас. Лекин Жахон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг берган маълумотига қараганда вакцина 18 ойдан сўнг ишлаб чиқарилади. Шу кунга қадар Республикамизда ушбу касаллик билан касалланган беморлар рўйхатга олингани йўқ.
Кўпгина вируслар, жумладан коронавирус ҳам дезинфекцияловчи эритмаларда ўлади. Шу сабабли артишга қарши кўрсатма бўлмаган буюмлар ва мебелларингизни, эшик тутқичларини хлорли эритма билан артиб туринг. Шахсий гигиена борасида эса қуйидагиларга амал қилинг:
-қўлларингизни овқатланишдан олдин совун билан ювинг;
-йўталганда ёки акса урганда, оғзингиз ёки бурнингизни тиббий ниқоб, салфетка билан тўсинг;
-шамоллаш ёки грипп аломатлари бўлганлар билан ҳимояланмаган холда, яъни ниқобсиз мулоқотда бўлишдан узоқлашинг хамда сизда иситма, йўтал ва нафас қисиши холатлари пайдо бўлганда тиббий ёрдамга мурожаат қилинг;
-уй ҳайвонлари, паррандалар сотиладиган бозорда бўлганингизда, жониворлар тегиши мумкин бўлган воситаларга ҳимояланмаган холда тегилишдан эҳтиёт бўлинг;
-таомни, айниқса гўштни сифатли пиширинг.
М.Розиқов
Ўзбекистон туман санитария эпидемиологик
осойишталик маркази шифокори
Фото: exler.ru