Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон тумани ёшларининг пойтахтга саёҳати уюштирилди
2020-01-24 22:56:57 153
Жорий йилнинг 4 январь куни Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг Ўзбекистон туман ёшлари билан учрашувида ёшлар томонидан турли таклиф ва мурожаатлар билдирилган эди.
Ана шундай таклифлардан бири-туман ёшларининг Тошкент шаҳрига саёҳати 23-24 январь кунлари амалга оширилди.
Фан, ижод ва спортда ўзларини муносиб кўрсата билиб, тенгдошларига намуна бўла олган 60 нафар фаол ёшларнинг пойтахтга саёҳати мазмунли ва улкан таассуротларга бой ўтди.
Дастлаб, саёҳатчилар Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов фаолият олиб борган Оқсарой қароргоҳида бўлишди. У ерда ташкил этилган илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида бўлиб, мустақил Ўзбекистон асосчиси Ислом Каримов ҳаёти ва босиб ўтган йўллари билан янада яқинроқ танишдилар.
Шундан сўнг, ёшлар мамлакатимиздаги ислом маданияти марказларидан бири - Хазрати Имом (Ҳастимом) мажмуасини зиёрат қилишди. Келажак авлод мазкур мажмуада ота-боболаримиз меъморчилигининг ўзига хосликларига, аждодларимиз санъати, маҳоратига бевосита гувоҳ бўлишди.
Шунингдек, ёшлар ўз саёҳатларини бугунги кунда шиддат билан ўзгараётган мустақил ватанимизда қад ростлаётган кўркам бинолар ва муҳташам иморатлар танишуви билан давом эттиришди.
Ана шундай бинолардан бири, Марказий Осиёда ягона, барча замонавий талабларга жавоб бера оладиган, пойтахтимиз кўркига янада кўрк қўшаётган “Ҳумо аренаси” ёшларда ҳайрат хиссини уйғотди.
Саёҳатнинг биринчи куни давомида ёшлар “Тошкент Сити” мажмуасида ҳам бўлиб, бу ердаги замонавий бунёдкорлик намуналари, янги қад ростлаган бинолар билан танишдилар.
Ёшларнинг пойтахтга ташрифидан кўзланган асосий мақсадларидан бирига саёҳатнинг иккинчи кунида эришилди. Яъни, туман ёшлари Тошкент шаҳридаги Президент мактабида бўлишди. Мазкур таълим масканида яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, тенгдошлари ва уларнинг устозлари билан суҳбатлашишди.
Саёҳат давомида туманимиз ёшлари Темурийлар тарихи давлат музейида ҳам бўлиб, муҳташам мажмуада буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даври тарихи, маданияти, санъати тўғрисида кўплаб маълумотларга эга бўлишди.
Ёшларнинг табиат ва ҳайвонот олами борасидаги тасаввурларини янада кенг бойитиш мақсадида Тошкент ҳайвонот боғига уюштирилган саёҳатда ҳам улар катта таассуротларга эга бўлишди.
“Биз ёшларга мана шундан қулай шарт-шароитлар яратиб берган муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёевга ҳамда мазкур саёҳатни ташкил этишда бош бўлган вилоят ҳокими Шухрат Ғаниевга саёҳат иштирокчилари бўлган барча ёшлар номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Шу ўринда ваъда бериб айта оламизки, биз ёшлар бундан буён ҳам аъло баҳоларга ўқиб, бундай мароқли саёҳатларга лойиқ эканлигимизни келгусида ҳам албатта исботлаймиз. Маррани катта оламиз ва кўплаб мувафаққиятларга эришамиз”- дейди пойтахтдан туриб жўнатган видеомурожаатида тумандаги 50-мактаб ўқувчиси, "Ёш китобхон" кўрик танловининг Республика босқичи фаол иштирокчиси Мухаммадфозил Исмоилов.
Дарҳақиқат, ёшларни ватанга муҳаббат, халқимизнинг бой маданий меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш ва ўрганишни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган бундай саёҳатлар, шубҳасиз ёшлар учун катта аҳамиятга эга бўлади.
Суратлар ёш саёҳатчилар томонидан олинган
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати