Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида яшаётган уруш фахрийлари ҳолидан хабар олинди
2019-12-28 13:50:41 200
Ўзбекистон туманида яшаётган уруш фахрийлари ҳолидан хабар олинди
Янги йил байрами арафасида туман ҳокимлиги мутасаддилари бошчилигида кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда Ўзбекистон туманида яшаб келаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларига бориб, уларнинг ҳолидан хабар олинди.
Президентимиз томонидан юборилган мавсумий кийим-кечаклар ва озиқ-овқат маҳсулотлари, туман ҳокимлиги ва ҳомийларнинг қимматбаҳо совға-саломлари топширилди.
Уруш фахрийларидан бири Абдуллажон ота Қодиров 96 ёшни қаршилаган. Отахон урушдан қайтгач, узоқ йиллар қўшни Қирғизистон Республикасида қўрғошин конида меҳнат қилди. Айни дамда эса 5 нафар фарзандлари эҳтироми, 15 та набиралар ва 8 та эваралар ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
- 16 ёшимда фронтга кетганман. Ўша уруш даврини эсласам, сесканиб кетаман, – дейди отахон меҳмонларга. – Ҳаммаси даҳшатли. Биз урушни кўрдик, сизлар кўрманг. Бугун рўзғоримизда, дастурхонда ҳаммаси етарли. Илоҳим, ҳаётимизга кўз тегмасин. Биз, кексалар давлатимизнинг доимий эътиборини кундалик ҳаётимизда сезиб турибмиз. Бунинг учун Президентимизга раҳмат!
– Афсуски, уруш фахрийларининг сафи йилдан-йил камайиб бормоқда, – дейди “Нуроний" жамғармаси туман бўлими раиси Мирзали хожи Деҳқонов. – Бугунги кунда туманимизда 4 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади. Улар доимий эътиборда.
Нуроний-фахрийларимиз кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун муҳтарам Президентимизга миннатдорчиликлар билдириб, Ватан равнақи, халқимизнинг фаровонлиги ва юрт тинчлигини сўраб дуо қилишди.
Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларининг жасорати, Ватан учун ўз жонини хавфга қўйиб қилган меҳнатлари ҳеч қачон авлодлар ёдидан кўтарилмайди. Биз мард, ботир, жасоратли боболаримиз борлигидан фахрланамиз.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати