Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Янги сиёсий тамойилларга асосланган янги сайловлар
2019-12-04 11:00:53 220
Мамлакатимизда мухим сиёсий жараён парламентнинг Қонунчилик палатасига, маҳаллий вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловлар арафасида турибмиз.
Демократик давлатнинг муҳим шарти бу фуқароларнинг сайлаш ва давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланиш ҳуқуқидан фойдаланишини таъминлашдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасида сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиши, ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар сайлаш ҳуқуқига эга эканлиги, сайловлар ҳар беш йилда ўтказилиши белгиланган.
2019 йил 25 июнда қабул қилинган Сайлов кодекси давлат ва жамият бошқарувида фуқароларнинг иштирок этишидан иборат конституциявий ҳуқуқнинг қўлланилиши бўйича амалий механизмларни аниқ ифодалаб берди.
Сайлов кодекси лойиҳаси ҳукумат порталида, Марказий сайлов комиссиясининг сайтида эълон қилиниб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Халқаро нуфузли ташкилотлар томонидан Кодекс лойиҳаси ўрганилиб, мухим тавсиялар берилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзодларни кўрсатиш тартиби бекор қилинди.
Сайлов кодексининг 38-моддасига кўра, энди сайловчилар бир ёки бир нечта сиёсий партияни ёқлаб имзо қўйиш имкониятига эга бўлди.
Депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари сони оширилиб, Қонунчилик палатаси учун 10 нафар, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари учун 5 нафар, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари учун 3 нафарни ташкил этди.
Сиёсий партиялар кузатувчиларининг ваколати кенгайтирилиб, сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжат нусхасини сайлов комиссияси овозлар сонини ҳисоблаб бўлиши биланоқ олишлари мумкин бўлди.
Депутатликка номзодларнинг камида 30 фоизи аёллар бўлиши кераклиги белгиланди. Энди сиёсий партиялар депутатликка номзод сифатида фақат ўз партиялари аъзоларини эмас, балки партиясиз фуқароларни ҳам кўрсатишлари мумкинлиги белгиланди.
Сайлов кодексининг 5-моддасига асосан суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайлаш ва сайланиш ҳуқуқидан фойдалана олмаслиги белгиланиб, ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ёки эхтиётсизлик орқасида жиноят содир этиб, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди.
Яна бир мухим жиҳат сайлов кодексида сиёсий партиялар ва улар кўрсатган номзодлар томонидан сайловолди ташвиқоти олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари аниқ белгилаб берилди.
Энди сайловчилар узоқ муддатга хизмат сафарига чиқиб кетаётган бўлса, муддатдан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга бўлди.
Оммавий ахборот воситалари орқали ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз, бу йилги сайловлар Сайлов кодексида белгиланган мезонлар асосида, янги сиёсий талаблар, партиялар орасидаги кучли рақобат, ғоялар кураши асосида ўтказилмоқда деб бемалол айта оламиз.
Ҳақиқий демократик сайлов ўтказилиши учун янги қабул қилинган Сайлов кодекси мустаҳкам пойдевор вазифасини бажара олади.
Э.Хакимов,
Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг судьяси