Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Инсон қадри - улуғдир!
2019-12-03 22:30:53 181
Ҳар йилнинг 3 декабрь санасида “Халқаро ногиронлар куни” бутун дунё миқёсида кенг нишонланади. Бундан асосий мақсад - бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлиги бўлган шахслар бошқа соғлом кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборатдир.
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган инсонларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада, айниқса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ногиронларга қулай ҳаётни таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратишга, уларнинг жамият ҳаётида тўлиқ ва тенг ҳуқуқли иштирок этишига, бу йўналишдаги долзарб масалаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда.
Ушбу сана муносабати билан бугун, Ўзбекистон туманида ҳам кўплаб тадбир ташкил этилди.
Хусусан, тумандаги 30-сонли ихтисослаштирилган давлат кўп тармоқли мактабгача таълим муассасасида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон тумани ҳокими Қахрамонжон Джураев иштирок этди.
Ақлий ва жисмоний нуқсонлари бўлган болаларни тарбиялайдиган ва реабилитация қиладиган мазкур мактабгача таълим муассасада бугунги кунда 85 нафар болалар тарбияланмоқда. Уларга 100 нафарга яқин моҳир педагогик жамоа ғамхўрлик қилиб, 8 гуруҳга бўлинган жажжи болажонларни ижтимоий-маданий муҳитга жалб этиш, уларни мактабгача таълим ва соғломлаштириш реабилитацияси билан таъминлашга хизмат қилишади.
Тадбирда сўз олган туман ҳокими Қахрамонжон Джураев мурғак қалб эгаларини байрам билан табриклаб, инсон манфаатлари қадрланадиган мамлакатимизда юртимиз эгаси бўлган ёш авлодга қаратилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликлар келгусида ҳам бардавом бўлишини айтиб ўтди.
Болажонларга ақлий ривожлантирувчи ўйинчоқлар, эсдалик совғалари топширилди, уларнинг қалбига шодлик олиб кирилди. Ўз навбатида имконияти чекланган болажонлар ижросидаги турли чиқишлар, куй-қўшиқлар тадбирга файз киритди.
Шундан сўнг туман ҳокими Қудаш “Мурувват” ногиронлар учун аёллар интернат уйига ташриф буюрди.
Бу масканда бугунги кунда 7 та миллат вакилларидан иборат 360 нафар ақлан заиф ногиронлиги бўлган аёллар давлатимизнинг ғамхўрлигида даъволаниб истиқомат қилмоқда.
Малакали шифокорлар ва бошқа ишчи ходимлардан иборат 260 нафар ортиқ жамоа муассасадаги ногиронлиги бўлган аёлларни парваришлаш, уларнинг саломатлигини асраш, уларга турли хизматларни ташкил этиш, озодалиги, сарамжон-саришталиги, кийим кечагини бутлигини таъминлашга жиддий эътибор билан қаратиб келмоқда.
Мурувват уйидаги ногиронлиги бўлган аёлларни бугунги байрам билан самимий қутлаган туман ҳокими - хукуматимиз томонидан олиб борилаётган кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя сиёсати ҳақида, саҳоват, меҳр-оқибатнинг умри боқийлиги ҳақида сўзлаб, уларга сиҳат-саломатлик, кўнгил хотиржамлигини тилади.
Ташриф доирасида Мурувват уйига туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари топширилди.
Саҳоват тадбирлари туманнинг бошқа ҳудудларида, маҳаллаларда ҳам давом этмоқда.
Ўзбекистон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати