Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Бўстон” маҳалласини шароити оғир ҳудуд тоифасидан чиқаришга қаратилган амалий тадбирлар бошланди
2024-12-25 21:50:46 289
Ўзбекистон туманидаги “Бўстон” маҳалла фуқаролар йиғинида 500 дан зиёд хонадонда 4310 дан ортиқ кўп миллатли аҳоли ўзаро иноқликда яшайди. Маҳалла ўрамидаги қирғиз, тожик, қозоқ ва ўзбек миллатига мансуб аҳоли азалдан дўст, биродар, қуда-анда, оға-ини бўлиб ўзаро иноқликда турмуш кечиришади.
“Оғир ҳудуд” тоифасига киритилган маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, ҳудуд аҳолиси фаровонлигини таъминлаш юзасидан аниқ манзилли дастур ишлаб чиқилган. Хусусан янги йилнинг биринчи чорагидан ижрога қаратиладиган мазкур дастур доирасида аҳоли томорқаларини суғориш учун 1 та артезиан қудуғи қазилиб, 4 км бетон ариқ (лоток) ўрнатилиши, электр таъминотини яхшилаш мақсадида 1 та янги трансформатор, 200 дона бетон таянч устунлари ва 100 та кўча ёритгичлари ўрнатилиб, 4 км янги ҳаво тармоғи тортилиши, шунингдек 3 км.га яқин ички йўлларни асфальтлаш каби тадбирлар белгиланган. Мазкур ишларни амалга ошириш учун 3 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланади.
Ҳудуд аҳолисига муносиб шарт-шароитларни яратилишини таъминлаш мақсадида амалий жараёнларга айни кунлардан киришилди.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ва республика ишчи гуруҳи вакиллари ҳудудда бўлиб, ана шу тадбирлар мазмуни ва аҳамияти ҳақида ҳудуд аҳли яна бир бор хабардор қилинди. Аҳоли вакиллари билан мулоқот қилиниб, қўшимча таклиф ва мурожаатлар тингланди.
Тумандаги мутасадди ташкилот ва муассасалар раҳбарларидан иборат туман ишчи гуруҳи тузилиб, маҳалладаги 11 та кўча кесимида бириктирилди ҳамда зарурий куч ва воситалар жалб қилинди.
Бугундан бошланган тадбирлар доирасида бўстонликлар учун тор доирадаги мутахассислар иштирокида чуқурлаштирилган сайёр профилактик тиббий кўрик ташкил этилди.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳудудда арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси йўлга қўйилди.
Маҳаллага дастлабки таянч устунлари етказиб келиниб, энергетиклар томонидан уларни белгиланган манзилларга ўрнатиш ишлари бошланди. Аҳоли хонадонларининг томорқа ер майдонлари шудгорлаш ва тўқсонбости экинларини экишни ташкиллаш, шунингдек чорва хайвонларини хатловдан ўтказиш ва эмлаш ишларига киришилди. Таъмирталаб ички йўлларни шағаллаштириш ишлари ҳам давом этмоқда.
Маҳалла аҳолиси асосий фойдаланадиган “Нурсух” бетон канали инвестиция дастури доирасида 13 млрд сўмлик лойиҳа асосида реконструкция қилинаётганлиги боис, муқобил манба-эски “Нурсух” каналининг ҳудуддан ўтган қисми тозаланиб, сув ўтказишга шай ҳолатга келтирилди.
Шу кунларда маҳалладаги 50 нафарга яқин нуронийлар мамлакатимизнинг кўҳна ва тарихий шаҳарларига бепул саёҳатга юборилиб, ҳудудда турли маданий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилади.