Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Янги таҳрирдаги Конституция — инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг мустаҳкам кафолати
2024-12-02 08:20:28 392
Мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи янги таҳрирдаги Конституциямизни ёқлаб овоз бергани ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди, шу билан бир қаторда, Бош қомусимизда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганини ифода этади.
Халқ — давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг аввалги таҳрири 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон халқининг ваколатли вакиллари бўлмиш парламент аъзолари, яъни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши депутатлари томонидан қабул қилинганини биламиз. Бундан фарқли ўлароқ, мамлакатимиз Асосий Қонунининг янги таҳрири бевосита умумхалқ референдумида — тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан қабул қилинди. Шу маънода, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституциясининг ҳақиқий муаллифи халқнинг ўзидир. Фуқароларнинг хоҳиш-иродаси эса ислоҳотларнинг манбаи ва ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституция 7-моддаси биринчи бандида «Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи», деган норма белгилаб қўйилган. Бу норма тимсолида Ўзбекистон Республикасида жаҳон миқёсида умумэътироф этилган халқ ҳокимиятчилиги принципи, яъни халқ суверенитетнинг ташувчиси ва давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканини англатувчи тамойил мустаҳкамлаб қўйилган.
Шундан келиб чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда Янги Ўзбекистон — инсон шаъни ва қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари олий қадрият ҳисобланган давлат бўлиши; халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши; «одамлар ташвиши билан яшаш», халқимизнинг қонуний талаб-истаклари ва хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш давлат органлари фаолиятини баҳолашнинг энг муҳим мезонига айланиши; барча муҳим қарорлар аҳоли иштирокида, фуқаролик жамияти институтлари билан маслаҳатлашув асосида қабул қилиниши каби принцип ва ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қаратилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Демократиянинг талабу таомили ва устунлиги ҳам шунда. Бунда қонун чиқарувчи ва ижро органларидан инсон ҳуқуқларини таъминлаш; демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент ва сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтириш; ҳокимият тармоқларини тийиб туриш ва мувозанатни сақлашда парламент ролини ошириш; давлат хизматлари сифати ва самарадорлигини яхшилаш, давлат органлари фаолиятининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда парламент ва жамоатчилик назорати механизмларини амалга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади.
Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак!
Юқорида айтиб ўтилган модданинг иккинчи банди биринчи қисмида белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб амалга оширилиши тўғрисидаги норма ҳам айтиб ўтилган фикрларнинг тасдиғидир. Ҳеч шубҳасиз, ушбу нормалар мамлакатимизда халқ ҳокимиятчилигининг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш билан бир қаторда халқимиз хоҳиш-иродаси ва инсонларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Мазкур модданинг иккинчи бандида яна бир умумэътироф этилган тамойил мустаҳкамланган. Унга кўра давлат ҳокимияти фақат «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган органлар томонидангина амалга оширилади».
Конституциядаги ушбу қоидалар 10-модданинг «Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин», деган биринчи бандида янада аниқ ифода этилган ва чуқур очиб берилган. Яъни жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.
Ушбу нормалар талқини асносида шуни таъкидлаш ўринлики, инсоният тажрибаси негизида демократиянинг икки тури ишлаб чиқилган. Булардан бири — тўғридан-тўғри, яъни бевосита демократия бўлса, иккинчиси — сайланган вакилларнинг тегишли муассасалари орқали амалга ошириладиган вакиллик демократиясидир.
Шунга кўра Ўзбекистонда бошқарув давлат ҳокимиятининг уч тармоқдан иборат тизими орқали амалга оширилади: Олий Мажлис қонун чиқарувчи вакиллик органи сифатида қонунларни қабул қилади, Вазирлар Маҳкамаси бошчилигидаги ижро ҳокимияти уларнинг ижросини таъминлайди, судлар одил судлов органлари сифатида низоларни қонун асосида ҳал қилади. Ушбу органларнинг ҳар бири муайян доирадаги ваколатларга эгадир.
Янги Ўзбекистон — демократик ва ҳуқуқий давлат
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 7-моддаси учинчи бандида: «Конституцияда назарда тутилмаган тартибда давлат ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириш, ҳокимият органлари фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳокимиятнинг янги ва мувозий таркибларини тузиш Конституцияга хилоф ҳисобланади ва қонунга биноан жавобгарликка тортишга асос бўлади», деб белгиланган.
Бу нормалар Янги Ўзбекистон демократик ҳуқуқий давлат ҳисобланиб, мамлакатда ҳокимият алмашиши фақат Конституция ва қонунлар асосида таъминланади, деган тамойил ҳаётга татбиқ этилишининг кафолатидир. Давлатнинг ҳуқуқий сиёсати инсонпарварлик, демократия, ижтимоий адолат ва сиёсий хилма-хиллик принципларига асосланади.
Янги Ўзбекистонда халқимизнинг бой тажрибаси ва маданий анъаналарига асосланган демократия ўрнатилмоқда, бунда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари ва қатламлари манфаатлари ҳисобга олинади. Зўравонликка асосланган эскича маъмурий-буйруқбозлик тизими қолдиқлари ниҳоят барҳам топди, кўппартиявийлик, ғоя ва фикрлар хилма-хиллиги одатий ҳолга айланиб бормоқда.
Ўз навбатида, ушбу конституциявий нормалар умумэътироф этилган бир қатор принципларга ҳам тўла мос келади.
Хусусан, «Конституция ва қонунлар устунлиги» принципини олайлик. Давлат органларининг ваколатлари Президент, парламент ёки ҳукуматнинг ҳар хил норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари билан эмас, балки фақат Конституция ва қонунлар билан белгиланади. Давлат органлари Конституция ва қонунларга сўзсиз бўйсуниши ва ўз ваколатларини шу ҳуқуқий негиздагина амалга ошириши шарт. Бу қатъий мезон қонун устуворлигининг ҳам муҳим белгиси ҳисобланади. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс томонидан «давлат ҳокимиятининг тортиб олиниши»га йўл қўйилмайди.
Тўғридан-тўғри амал қиладиган Асосий Қонун
Янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасида давлат қурилишининг янги стратегик мақсади — суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуриш эканлиги қатъий белгиланди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди. Айниқса, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамлангани эътиборга сазовор.
Энг асосийси, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг:
биринчидан, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эгалиги;
иккинчидан, тўғридан-тўғри амал қилиши;
учинчидан, ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этишига тааллуқли конституциявий нормалар мустаҳкамлаб қўйилди. Эски таҳрирдаги матнда Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллашга доир ушбу механизмлар мавжуд эмасди.
Бош қомусимизнинг “Конституция ва қонуннинг устунлиги” бобидаги 15-16-моддаларнинг янги ва эски матнидаги нормалари ўзаро қиёсланса, бу фикрларимиз қанчалик ҳаққоний экани ўз тасдиғини топади. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 15-моддасига мувофиқ:
“Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади”.
Шу ўринда 2023 йил 8 май куни Президентимизнинг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганини таъкидлаш лозим. Ушбу муҳим ҳужжат талаблари: янги таҳрирдаги Конституциямизни сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш;
унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш; давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш; фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадларига қаратилган.
Фармонда белгиланганидек, “янги таҳрирдаги Конституция олий юридик кучга эга эканлигидан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан-тўғри ва сўзсиз қўлланилади”.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган янги, замонавий ва жуда муҳим нормаларнинг ҳаётга қатъий ҳамда изчил татбиқ этилиши, хусусан, судлар томонидан ана шу конституциявий қоидаларнинг тўғридан-тўғри қўлланиши юртимиз ва халқимиз тарихида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қимматини улуғлаш борасида янги даврни бошлаб бермоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.
Ишончимиз комилки, халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар холис ва тўғри таъкидлаганларидек, Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши "Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун" тамойили асосида халқ фаровонлигини янада юксалтириш, инсон, фуқаролик жамияти ва давлатни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
О.Хасанов
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди раиси