Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманидаги мактабгача таълим ташкилоти ташаббус натижасида замонавий ва кўркам қиёфа касб этди
2024-11-21 17:49:22 164
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва жойлардаги муаммоларни қисқа муддатда ҳал этишнинг самарали ечими сифатида хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон тумани “Даштхасан” маҳалласидаги 37-давлат мактабгача таълим ташкилотининг бино-иншоатлари ҳам айни дастур доирасида мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бугун бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ва сектор раҳбарлари, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда унинг тумандаги бўлими мутасаддилари, муассаса жамоаси, МТТ директорлари, маҳалла аҳли ва ота-оналар вакиллари иштирок этди.
1979 йилда қурилган ва ўтган давр мобайнида кўзга кўринарли таъмирлаш ишлари олиб борилмаган боғча инфратузилмасини яхшилашга оид илгари сурилган таклиф энг кўп овозлардан тўплаб, лойиҳа ғолиблигига эришди.
Бюджетдан ажратилган 1 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига пудратчи ташкилот “Бешариқ идеал” масъулияти чекланган жамияти томонидан масканда таъмирлаш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Натижада таълим даргоҳи буткул янгича ва замонавий кўринишга эга бўлиб, унда таълим-тарбия олувчи 230 нафар болалар ва устоз-мураббийлар учун муносиб шароитлар яратилди.
Тадбирда сўз олган туман раҳбари барча йиғилганларни янгиланган муассаса билан самимий қутлади. Мазкур эзгу ташаббус атрофида бирлашиб, юрт ободлиги учун ҳисса қўшаётган барча фаолларга миннатдорлик билдирилди.
Шу куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида муассаса ҳовлисига эзгу ниятлар билан мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ҳам қадалди.