Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Манфаатлар тўқнашуви тушунчаси, мазмуни ва моҳияти
2024-10-29 16:28:43 247
Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни 2024 йил 5 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланиши давлат ташкилотлари фаолиятида уруғ-аймоқчилик, таниш- билишчилик каби иллатларига чек қўйишга ҳуқуқий асос бўлди.
Манфаатлар тўқнашуви тушунчасига берилган таърифда ходим томонидан ўз хизмат вазифасини бажаришда шахсий манфаатдорлигини бошқа шахсларнинг манфаатларидан устун қўйган ҳолда қарор қабул қилиш ёки ушбу жараёнда иштирок этиш вазиятларига урғу берилган.
Ўз навбатида, Қонунда мазкур вазиятларнинг икки тури (мавжуд ва эҳтимолий) тўғрисида аниқ қоида ва талаблар кўрсатиб ўтилган.
Мавжуд манфаатлар тўқнашуви бу ходимнинг ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида вужудга келаётган манфаатлар тўқнашуви бўлиб, ходим ушбу мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида бевосита раҳбарига хабар бериши лозим.
Эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви бу ходимнинг ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида вужудга келиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашуви бўлиб, ходим ушбу эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисида ишга қабул қилинганда, ҳар йил бир маротаба ва бошқа лавозимга тайинланганда махсус бўлинмага хабар бериши керак.
Шахсий манфаатдорлик давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд у билан алоқадор шахслар ушбу ходим томонидан бевосита ёки билвосита қарор қабул қилиниши ёки ходимнинг ушбу жараёнда бошқача тарзда иштирок этиши натижасида олиши мумкин бўлган ҳар қандай наф ёки афзаллик деб тушунилади.
“Манфаатлар тўқнашуви” хизмат бурчи билан шахснинг шахсий манфаатлари ўртасидаги зиддиятни ўз ичига олади. Aгар манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланмаса ва тўғри бошқарилмаса, улар ташкилотларнинг яхлитлигига жиддий таҳдид солиши, давлат ва хусусий секторда коррупциянинг авж олишига олиб келиши мумкин. Манфаатлар тўқнашуви бутун дунёда жамоатчиликни ташвишга соладиган асосий муаммога айланди. Бундан ташқари, бизнес ва нотижорат секторлари билан тобора кўпроқ ҳамкорлик қилаётган давлат сектори мансабдор шахсларининг шахсий манфаатлари ва уларнинг хизмат (лавозим) мажбуриятлари ўртасидаги зиддиятнинг янги шаклларини юзага келтирмоқда. Коррупцияга қарши курашиш механизмлари ишламай, манфаатлар тўқнашуви коррупцияга айланса, давлат ҳокимияти институтларининг обрўси синовдан ўтказилади ва уларга нисбатан ишончсизлик кучаяди. Хусусий секторда ҳам корпоратив бошқарувдаги камчиликларнинг асосий сабаби сифатида манфаатлар тўқнашуви аниқланган.
Шундан келиб чиқиб, манфаатларни тақиқлаб бўлмасада, уларни тўғри бошқариш кераклиги, ҳар бир инсоннинг манфаатлари борлигини тушуниш ва тан олиш муҳим ҳисобланиб, кучли ва консолидацияланган тизимда манфаатлар тўқнашуви ҳолатларига йўл қўймаслик ва уларни самарали бошқариш демократик ютуқларни ҳимоя қилишнинг калити ҳисобланади.
Қабул қилинган Қонунда юқоридаги мақсадлар мужассам бўлиб, бу ўз навбатида биринчи навбатда унинг тушунчасида акс этганини кўришимиз мумкин. Яъни, Қонун билан “манфаатлар тўқнашуви” тушунчасига аниқ таъриф берилиб, бунинг натижасида шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олдини олиш бўйича чекловлар белгиланди.
Шунингдек, шахснинг шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазиятларни тартибга солиш қоидалари белгилаб берилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2024 йил 5 июндаги ПҚ–210-сон қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонуни ижросини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан қуйидаги ишларни амалга ошириш белгиланди:
давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини аниқлаш механизмларини самарали жорий этиш имкониятларини таҳлил қилиш;
давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувига сабаб бўлувчи ҳолатларни ўрганиш, уларни бартараф этиш бўйича қонунчиликка мувофиқ бўлган чораларнинг кўрилишида ягона амалиётни шакллантириш;
давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари, савдо платформалари ва бошқа дастурий таъминотлари Қонун билан белгиланган талабларга мувофиқ такомиллаштирилишини таъминлаш;
коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ҳамкорлигини ривожлантириш чораларини кўриш;
жамиятда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этиш бўйича ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга доир чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этиш.
Манфаатлар тўқнашуви вазиятлари давлат органлари ва ташкилотларининг кўплаб муносабатларида вужудга келаётганлигини инобатга олган ҳолда, уларни аниқлаш ва тартибга солиш ҳар бир давлат ташкилоти раҳбарининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Ўз навбатида, кўплаб манфаатлар тўқнашуви вазиятлари қонунчилик ҳужжатларида аниқ тартибга солинган бўлсада, айрим муносабатларда вужудга келиши мумкин бўлган мазкур вазиятларни тартибга солиш учун Қонунда белгиланган тартибга амал қилинишини тақозо этади.
Мазкур қоидаларни амалга татбиқ этиш учун барча давлат органлари ва ташкилотларига манфаатлар тўқнашувига оид қоидаларга риоя қилиш мажбуриятини юклайди.
Шунингдек, Қонун билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди ва унга маъмурий баённомаларни тузиш ваколати ҳам берилди. Бу борада давлат ташкилотлари ўз тизимидаги манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва уларни тартибга солиш бўйича зарур чораларни кўришда масъул этиб белгиланди.
Умуман олганда, мазкур Қонун давлат ташкилотларида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, аниқлаш ва тартибга солишнинг самарали механизмларини жорий этиш, унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқ белгилаш ҳамда мамлакатимизнинг коррупцияга оид халқаро рейтингдаги кўрсаткичларини оширишга хизмат қилади.
Ш.Шералиев
Наманган туманлараро иқтисодий судининг судьяси