Шу боис, бугунги кунда тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланяпти, уларни ривожлантириш учун имкониятлар ишга солиняпти.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят секторлари раҳбарлари билан биргаликда Ўзбекистон туманида бўлиб, бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни ўрганди.
Дастлаб яқинда ишга тушган меваларни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш корхонаси фаолияти билан танишилди.
Бундан икки йил аввал “Баракали Оила” МЧЖ раҳбари, тадбиркор ва деҳқон Ҳаётжон Хаққулов Жонобод маҳалласи ҳудудидаги ана шу қир-адирликларда 20 гектар ерни ўзлаштириб, янги боғ ташкил этган эди. Бугун у ўз фаолиятини янада кенгайтириб, мевага кираётган янги боғга туташ ҳудудда меваларни сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш лойиҳасининг 1-босқичини ҳам ишга туширди.
Лойиҳанинг дастлабки босқичини йўлга қўйиш учун 2 млрд. сўм маблағ сарфланиб, бунда қуруқ меваларни саралаш, қуритиш, ишлов бериш ва қадоқлаш ишлари амалга оширилади. 30 дан зиёд иш ўрни яратилган корхонада қадоқланган маҳсулотлар дастлаб Хитой давлатига экспортга йўналтирилиши, кейинчалик эса экспорт географиясини янада кенгайтириш кўзда тутилган. Иккинчи босқичда хўл меваларни сақлаш учун 1500 тонна махсус музлаткич-омборхона ҳам қурилиб, хўл меваларни ҳам қуритиш ва қадоқлаш фаолияти йўлга қўйилади. Бунинг учун қўшимча 5 млрд. сўм йўналтирилиб, ишчилар сонини 200 нафарга, йиллик экспорт ҳажмини эса 100 минг долларга етказиш мақсад қилинган.
Вилоят раҳбари Даҳанақақир маҳалласида Россиянинг “Лига” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Марям мебель” мебель ишлаб чиқариш корхонасида бўлди. Замонавий ва юқори сифатли мебеллар ишлаб чиқариш хамда соҳа мутахассисларини касбга тайёрлашга ихтисослашган мазкур лойиҳа тадбиркор Авазбек Валиев ташаббуси билан йўлга қўйилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 1,5 млн. долларни ташкил этади. Йиллик 3500-5000 дона мебель ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхонадаги мавжуд ўқув курсларида бугун ушбу касбга қизиқувчи кўплаб маҳаллий ёшлар малакали мутахассислардан соҳа сир-асрорларини пухта ўзлаштиришмоқда.
Вилоят раҳбари томонидан иш ўринларини, маҳсулотларнинг турини кўпайтириш, сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида кўрсатмалар берилди.
“Кичик Тагоб” кичик саноат зонасида барпо этилган нефтни қайта ишлаш кичик заводи фаолияти билан танишилди. Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида биринчи босқичи фойдаланишга топширилган “For You” масъулияти чекланган жамиятига қарашли мазкур заводнинг умумий қиймати 3 млн. долларни ташкил этади. Шундан 500 минг доллар ташаббускорларнинг ўз маблағи ҳисобидан, 2,5 млн. доллар эса хорижий инвестиция жалб этилди.
Йилига 50 минг тонна нефть маҳсулотларини қайта ишлаш қувватига эга бўлган корхонага Хитойнинг автоматлаштирилган технология ва ускуналари ўрнатилди. Бензин, дизел ва мазут маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётган заводнинг биринчи босқичи иш тушиши натижасида 35 нафар ҳамюртларимизнинг бандлиги ҳам таъминланди.
Шу ерда фаолият олиб бораётган полипропилен конверт қоп ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти ҳам кўздан кечирилди.
“Цемент хомашё савдоси” МЧЖ қошида ташкил этилган мазкур корхона йилига 60 млрд. сўмлик 36 млн. 500 дона замонавий полипропилен қоп тайёрлаш қувватига эга. Лойиҳани амалиётга жорий этиш учун 3 млн. долларга тенг инвестиция йўналтирилган.
Корхонага зарур бўлган 2,5 млн. долларлик дастгоҳ ва ускуналар Хитой давлатидан келтирилиб, ўрнатилган. Бу ерда 100 киши иш билан таъминланган.