Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Устозлар миллий форуми: эришилган натижалар сарҳисоби ва янги режалар тақдимоти
2024-08-23 15:55:55 428
Ўзбекистон туманида мактабгача ва мактаб таълими тизими ходимлари иштирокида “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” шиори остидаги анъанавий III “Устозлар миллий форуми” форуми бўлиб ўтди.
Ўтган даврда туман таълим тизимида эришилган натижалар сарҳисоби ҳамда янги ўқув йилида таълим муассасаларида таълим-тарбия сифатини ошириш, устувор вазифаларни белгилаб олиш мақсадида ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ва сектор раҳбарлари иштирок этди.
Форумни кириш сўзи билан очиб берган туман раҳбари сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларини камолга етказишнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Қайд этилдики, Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция – таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги боис жорий йилда туманимиздаги 10 дан зиёд мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида янгидан бунёдкорлик, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
2023-2024 ўқув йили битирувчиларидан 2124 нафари олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириб, шу кунгача аниқланган натижаларга кўра, улардан 1119 нафари талаба бўлиш бахтига муяссар бўлдилар. Тумандаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг жами 35 нафар битирувчиларининг барчаси эса олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиндилар.
Мактаб ўқувчилари орасида ўтказилган “Турон” театри танловида 49-мактаб театр жамоаси вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этди.
Тамомланган ўқув йилида кўплаб ўқувчилар халқаро ва республика даражасидаги фан олимпиадаларида муносиб иштирок этиб, салмоқли натижаларга эришдилар.
“Йилнинг энг яхши тарбиячиси-2024” касбий кўрик-танловининг республика босқичида иштирок этган 2-давлат мактабгача таълим ташкилоти услубчиси Лазизахон Халилова "Энг яхши методист" йўналиши ғолиблигига сазовор бўлди.
Туман ҳокими ўқитувчи ва ўқувчиларимизнинг шу каби кўплаб ютуқларини эътироф этиш билан бирга тизимни янада такомиллаштириш борасида белгиланган вазифаларни келгусида ҳам сифатли адо этиш, бунда соҳа масъуллари олдида турган вазифаларга эътибор қаратди.
Тадбирда бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар тизимдаги фаоллиги, ташкилотчилиги ҳамда соҳани ривожлантиришдаги хизматлари учун туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.