Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида яна бир янги хусусий тиббиёт маскани иш бошлади
2024-07-24 17:03:55 408
Бугун Ўзбекистон тумани “Зиё Нурсух” маҳалласида “Шахобиддин ота” хусусий тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилди.
Аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатишда нодавлат даволаш муассасаларининг ўрни тобора ошиб бормоқда. Ўзбекистон туманида ҳам энг илғор технологиялар асосида хизмат кўрсатадиган хусусий клиникалар сони тобора кўпаймоқда.
Ички аъзолар касалликларини даволашга ихтисослашган, 50 ўринга мослаштирилган тиббий масканнинг очилиш маросимида туман сектор раҳбарлари, тиббиёт соҳаси масъуллари, маҳалла аҳли ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда сўз олган туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев давлатимиз томонидан яратиб берилган қатор имтиёзлар ушбу турдаги хусусий тиббиёт муассасалари сонининг ортишига, жадал ривожланишига имкон берибгина қолмай, давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари ўртасида рақобат муҳити вужудга келишига, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ортишига олиб келаётгани ҳақида тўхталиб ўтди. Ҳудуд аҳлини янги ва замонавий муассаса билан қутлаб, лойиҳа ташаббускорларининг келгуси ишларида зафарлар тилади.
“Зиёд диагностика маркази” хусусий корхонасига қарашли клиникани бунёд этиш ва уни замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш лойиҳасининг умумий қиймати 5 миллиард сўмга баҳоланган. Лойиҳанинг биринчи босқичидаёқ аҳолига замон талаблари даражасида тиббий хизмат кўрсатиш учун етарли шароитлар яратилди.
Таъкидланганидек, муассасада асосан ички аъзолар касалликларини даволаш, профилактика қилиш, амбулатор ва стационар шароитда муолажалар олиб борилади.
Малакали невропатолог, кардиолог, гастроэнтеролог ва онколог каби шифокорлар беморлар дардига малҳам бўлишга бел боғлашган.
Янги хусусий клиниканинг фойдаланишга топширилиши натижасида 20 та иш ўрни ҳам яратилди.
Шу куни меҳмонлар тиббиёт муассасасида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.