Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Dekabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 14 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Насия савдо борасидаги мулоҳаза

×

 2024-06-13 10:19:21    920

PDF yuklash
Chop etish


Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақлиЎзбекистон Республикаси Конституцияси, 36-модда.

Инсон дунёга келар экан унда яшаш ва ижтимоий фаолият билан шуғулланиш учун зарур бўлган озиқ-овқат ва бошқа моддий ҳамда номоддий неъматларга бўлган эҳтиёж юзага келади.

Яхши яшаш ҳақидаги ўйлар, орзу ва режалар ҳар бир инсонда бор бўлган, уни ҳаётининг охирига қадар ҳаракатга чорлайдиган, муайян муносабатларга киришишга мажбур қиладиган ва охир оқибат унда маълум даражадаги ҳуқуқ ва бурчларни келтириб чиқарадиган ҳаётий омиллар бўлиб қолаверади.

Бой-бадавлат одам ҳам, ўртамиёна ёки фақирликда яшайдиган одамлар ҳам шу омиллар таъсирида бир-бирлари билан ўзаро муносабатларга киришади, турли келишув ва шартлар асосида ҳаёт йўлини барпо этади.

Бозор иқтисодиёти шароитларида “талаб” ва “таклиф” тушунчаларининг нақадар долзарб эканлиги, шу икки ҳолат жамиятдаги иқтисодий жараёнларнинг қай тарзда кечишига, натижада одамларнинг турмуш тарзи даражаси қандай бўлишида катта аҳамият касб этади. 

Ҳаммамизга маълум, мамлакатимизда охирги йиллар ичида фуқароларнинг турмуш тарзини яхшилаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Одамларни рози қилиш учун барча давлат идоралари, муассаса ва ташкилотлар бел боғлаб, меҳнат қилмоқда.

Шу қаторда юртимизда фаолият юритиб келаётган тадбиркорлар ҳам жаҳон стандартларига жавоб берадиган, ҳамёнбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, уларни халқимизга етказиб беришда астойдил ҳаракат қилишмоқда.

Ҳар бир шаҳар ва қишлоқларда савдо дўконлари, шоу-рум ва бошқа турдаги савдо шаҳобчаларининг сони кундан-кун кўпайиб бормоқда.

Бугунги кунда деярли барча турдаги махсулотларни ҳам нақд пулга ҳам насияга олиш имкониятининг яратилганлиги кўп оилаларга кўмак бўлмоқда, турмуш тарзи даражасининг бир поғона юқорилашига олиб келмоқда.

Орамизда муддатли тўлов шарти билан кир ювиш машинаси, телевизор, музлаткич, телефон ва кўплаб бошқа турдаги маҳсулотларни бошланғич тўлов қилган ҳолда, айрим ҳолларда, бошланғич тўловсиз, тез фурсатларда сотиб олиш имкониятидан фойдаланмаган одам бўлмаса керак.

Миллий урф-одатларимизда “кўрмана”, “келин сепи” деган тушунчалар мавжуд бўлиб, бирор-бир тўй ёки бошқа маросим совға-саломсиз ўтмайди.

Тездагина ётоқхона тўплами, ошхона жиҳозларини сотиб олиб, бу мулкларни байрамона кайфият билан уйига олиб кетаётган одамларни кўрганмиз, ўзимиз ҳам шундай ҳолатга тушганмиз.

Уйга келдик, ёинки тўй тугади. Янги телефонни у ёқ бу ёғини кўриб чиқиб, кир ювиш машинасида ҳеч бир қийинчиликсиз дастурхонларни ювдик.

Тўлов вақти келганида доимий иш жойи ва даромадига эга бўлган ҳамюртларимиз ойлик чиққанида белгиланган тўловни амалга оширадилар, қолган пулларини ҳисоб-китобини чиқариб оладилар.

Аммо, пулини тўлашга келганида турли баҳоналар қилиб, келишилган шартларга амал қилмайдиган одамлар ҳам учраб турар экан, буни судларга киритилаётган сон-саноқсиз даъво аризалари мисолида яққол кўриш мумкин.

Бир миллион беш юз минг, икки ярим миллион сўм....

Ундириш сўралаётган суммалар унчалик катта эмас, бироқ, вақт ўтган сайин ҳисобланган фоиз ва пенялар ҳисобига кўзга кўринарли сумма келиб чиқади, бу тарафлар ўртасида имзоланган шартномада кўрсатилган бўлади.

“Моддий аҳволим яхши эмас”, “Иш жойим йўқ”, “Менга сотилган телефоннинг нархи баланд экан, бозорда анча арзонроққа олса бўлар эди” ва ҳоказо сабабларни кўп эшитамиз.

Бир тарафдан қарздорнинг кўриниши ва моддий аҳволини тушунган ҳолда, “Ҳа, қийналган экан” деган хулосага келиш мумкин.

Иккинчи тарафдан “Қийналган одам 10 миллион сўмлик телефонни нима қилади”, деб ҳайратланасан киши.

Ўша юқорида айтиб ўтилганидек, ҳаммамиз яхши яшашга: яхши еб ичиш, чиройли кийиниш, қимматбаҳо буюмлардан фойдаланиш, шахсий автомашинада сайр қилишни истаймиз.

Қонунчиликка кўра, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади.

Шартномалар мазмун-моҳиятига кўра турли хил бўлади: олди-сотди шартномаси, ҳадя шартномаси, қарз шартномаси ва ҳоказо.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 354-моддасига кўра, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди, шартнома тузиш бурчи ушбу Кодексда, бошқа қонунда ёки олинган мажбуриятда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Кодекснинг 357-моддасига кўра, шартнома тузилган пайтидан бошлаб кучга киради ва тарафлар учун мажбурий бўлиб қолади. Тарафлар ўзлари тузган шартноманинг шартларини уларнинг шартнома тузишидан олдин вужудга келган муносабатларига нисбатан қўлланилади деб белгилаб қўйишга ҳақлидирлар.

Айни кунда, фуқаролик паспорти ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни, баъзида эса, фақатгина фуқаролик паспортини тақдим қилиб, савдо дўконларидан ўз эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, турли маиший техникаларни сотиб олаётган мижозлар кўпчиликни ташкил этади.

Тегишли тадбиркорлик субъекти, яъни сотувчи ҳамда мижоз ўртасида қонунчиликда белгиланган шаклда олди-сотди шартномаси тузилиб, тарафлар ўз имзолари билан шартномани тасдиқлайдилар. Шартнома тузилган ҳисобланади.

Келишилган маҳсулот эгасига, яъни сотиб олувчига юк хати орқали топширилади. Катта ҳажмдаги маҳсулотлар мижознинг уйига қадар етказиб берилади.

Маҳсулотнинг қиймати шартнома шартларида кўрсатилган бўлиб, мижоз бу қийматни 3 ойдан бошлаб, 2 ёки 3 йилгача ҳар ойда бўлиб-бўлиб тўлаш мажбуриятини олади. Ойлик тўловлар алоҳида графикка чиқарилиб, мижозга топширилади.

Албатта, бундай тартиб мижоз учун анча қулай ҳисобланади ва бир йўла катта сарф қилинишини олдини олади. Оилавий бюджетга катта таъсир кўрсатмайди.

Сотувчи ҳам ўз навбатида бу йўл билан маҳсулотни бериб юбориб, шартномада белгиланган муддат ичида қўшимча фойда олиш ҳисобига ўз ишини юритади, даромад олади, ривожланади.

Кўп ҳолларда, шартномани бир шахс томонидан имзоланиб, амалда маҳсулотни бошқа шахсга бериб юбориш ёки бировнинг номига шартнома тузиш ҳолатлари ҳам учраб туради.

Қайсидир ҳолатда бу ҳолат тарафлар ва учинчи шахслар ўртасидаги келишувга кўра, бошқа ҳолатда эса бирор-бир тарафнинг масъулиятсизлиги ва ўз ҳуқуқларини суиистеъмол қилиши оқибатида келиб чиқади.

Судлар томонидан кўрилаётган ва ушбу шартнома шартларидан келиб чиққан қарздорликни ундириш ҳақидаги даъво ишларини юритиш жараёнида амалда шартномага имзо қўймаган шахсларнинг шартномада кўрсатилган маҳсулотларни олганлиги, “Сотиб олувчи” деб шартномани имзолаган мижоз амалда бу маҳсулотни бошқа шахс учун олиб берганлигига гувоҳ бўляпмиз.

“Мен маҳсулотни олмаганман”, “Ҳамкасбим илтимос қилганди, шунга олиб бердим”, “Умуман бу мазмундаги шартнома тузмаганман, имзолар меники эмас” деган важлар кун сайин кўпайиб бормоқда.

        Тадбиркор ҳам сарсон, мижоз ҳам.

        Зарур ҳолларда суд томонидан экспертиза тайинланиб, имзонинг ҳақиқийлиги текширилади.

        Маҳсулотни амалда олган шахслар чақиртирилади, уларнинг тушунтиришлари тингланади.

Аммо, тарафлар ўртасида тузилган шартнома ва ундаги шартлар ҳар икки тараф учун ҳуқуқ ва мажбуриятлар келтириб чиқариши, шартнома белгиланган тарзда имзоланиб бўлинганлиги, маълум миқдорда тўловлар қилинганлиги суд томонидан инобатга олинади.

Оғзаки келишувга кўра, сотиб олинган маҳсулотни учинчи шахсга бериб юборган мижоз, олинган маҳсулотнинг ҳақини тўлашдан озод этилмайди.

Бу ҳолатда, ушбу мижоз тўлов графигида кўрсатилган барча тўловларни тўлаши, олинган маҳсулот қийматини тўлиқ қоплаши лозим бўлади.

Чунки, тадбиркор билан тузилган шартномада олинган маҳсулотни бошқа одамга бериб юбориш, шу сабабли, тўловларни ҳам ўша одам амалга ошириши ҳақидаги шартлар мавжуд эмас.

        Одамларимиз соддадил, очиқ кўнгил, бошқаларга яхшилик қилгиси келади.

Бироқ, бу ҳолат тадбиркорнинг манфаатларига путур етказмаслиги, унинг ҳуқуқларини бузмаслиги керак, деб ўйлайман.

Фикримнинг сўнгида, шуни таъкидламоқчи эдим: ҳар бир инсон ўз ҳуқуларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмаслиги керак.

Қаерда бўлмасин, фуқаро ўз хатти-ҳаракати ва унинг оқибатида юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқий оқибатларни тўлиқ англаши, ўз мажбуриятларини тўлиқ бажариши лозим.

Савдо дўконларида турмуш тарзини яхшилашга ёрдам берадиган маҳсулотларни сотиб олаётган бир вақтда бу муносабатни тартибга соладиган қонунчилик нормаларини аввалдан ўрганиб олиши, шартнома тузилаётган вақтда унинг шартларини синчковлик билан ўқиб чиқиши, зарур ҳолларда ҳуқуқшунос маслаҳатини олиши айни муддао бўлар эди.

Насия савдо имкониятларидан фойдаланиб, ўз ҳаётини изга солиш билан бир қаторда, қонун бўйича муайян мажбуриятларга эга эканлигини, ўз ҳаракатлари билан бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини поймол қилмасликни унутмасликлари керак.

Нодир Сулайманов

Фарғона вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси