Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида “Китобхонлик ҳафталиги” кўтаринки руҳда бошланди
2024-04-22 16:25:17 880
2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш Миллий дастурига мувофиқ, мамлакатимизда ҳар йили апрель ойида китобхонлик ҳафталиги ўтказиб келинмоқда.
Бугун Яйпандаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида “Китобсевар миллат” шиори остида тўртинчи маротаба ўтказилаётган “Китобхонлик ҳафталиги” доирасидаги туман тадбирларига старт берилди.
Китобхонлик байрамида туман ҳокимлиги, маънавият ва маърифат маркази, ахборот-кутубхона маркази вакиллари, ижодкор ва китобсевар ёшлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан туман ҳокимининг ўринбосари Муслимбек Ахмедов, “Китобхонлик ҳафталиги”нинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, китоб ва унинг инсон ҳаётидаги аҳамияти, мамлакатимизда китобхонликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, яратилаётган шарт-шароитлар хусусида сўз юритди. Китобхонлик ҳафталиги доирасида ўтказилиши режалаштирилган тадбирлар тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Шунингдек, тадбирда сўз олганлар ёшларда китоб ўқиш кўникмаси шаклланса, камолоти йўлида қолган барча амалларни китобнинг ўзи ўргатишини таъкидлаб, қувонарлиси бу борада туманда ўзига хос ибратли тажриба мактаби шаклланганлигини мамнуният билан қайд этишди. Ана шу эришилган ютуқларни узвий давом эттиришда ёшлардан фаолликни сусайтирмасликка тавсия ва эзгу тилаклар билдирилди.
Истеъдоли ўқувчиларнинг китобхонликни тарғиб этувчи бадиий чиқишлари тадбирга янада шукуҳ бағишлади.
26 апрелга қадар давом этадиган ҳафталик доирасида туман масканларида ранг-баранг ва қизиқарли тадбирлар, театрлаштирилган томошалар, китоб ярмарка ва тақдимотлари, давра суҳбатлари, маърифий тадбирлар хамда бошқа кўплаб қизиқарли лойиҳалар ўтказилиши режалаштирилган.