Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Иқтисодий судда келишув битими тузишнинг ҳусусиятлари
2024-04-02 00:34:03 369
Инсон ва жамият ҳаётида ярашув, муроса, келишув деган тушунчалар ҳар доим ижобий маъно касб этган. Чунки, бу тушунчалар яхшиликка, тинчлик ва барқарорликка хизмат қилган.
Асосий вазифаларидан бири бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларни ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларни ҳимоя қилиш бўлган суд ҳокимиятининг фаолиятида ҳам низони келишиш йўли билан ҳал этиш алохида аҳамиятга молик бўлиб, у процессуал нормаларда ўзининг аксини топган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 130-моддасига кўра, суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади.
Демак, келишув битимининг шакли ва мазмуни, уни тузиш тартибига қўйиладиган талабларга риоя этилган ҳолда тузилган келишув битимини тасдиқлаш суднинг ҳуқуқи эмас, балки мажбурияти эканлиги эътиборни тортади.
Келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилади.
Ушбу кодекснинг 131-моддасида тарафлар низони келишув битимини тузиб ҳал этиши мумкинлиги, келишув битими даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкинлиги, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида тарафлар томонидан тузилиши мумкинлиги белгиланган.
Суд ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида тарафларни муросага келтириш чораларини кўриши, шу муносабат билан даъво аризасини қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда суднинг тарафларга низони келишиш йўли билан ҳал этиш ҳақидаги таклифи кўрсатилиши лозим.
Тарафлар суд муҳокамаси давомида келишув битими тузиш истагини билдирганда, суд тарафларга ушбу суд мажлисида келишув битими тузишни таклиф этиши ёки тарафлар келишув битими шартларини ишлаб чиқишлари учун уларга имконият берган ҳолда, ишни кўришни бошқа муддатга қолдириши мумкин.
Келишув битими ёзма шаклда расмийлаштирилади ва тарафлар ёки келишув битимини тузиш ваколати махсус назарда тутилган ишончнома мавжуд бўлганда, уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.
Келишув битимида тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак, келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин. Унинг шартлари аниқ, равшан баён қилиниши ва ижро этилишида келишув битимининг мазмуни бўйича ҳар хил талқин қилинишига ва келгусида низоларнинг келиб чиқишига йўл қўймайдиган бўлиши керак. Келишув битими тарафларнинг бир-бири олдидаги ўзаро мажбуриятларининг шартлари, миқдори ва бажариш муддатлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим.
Суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани муҳокама қилаётганида тарафлар тақдим этган келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф эмаслигини ва у бошқа бирор-бир шахснинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаётганлигини, агар келишув битими кўчар ёки кўчмас мулкни бериш тўғрисидаги шартни ўз ичига олса, суд ушбу мулкка учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари бор-йўқлигини (хатлаб қўйилганлигини, гаровга қўйилганлигини ва ҳ.к.) текшириши лозим. Агарда бундай ҳолатлар мавжудлиги аниқланса, суд келишув битимини тасдиқлашни рад этади ва ишни мазмунан кўриб чиқади.
Шу сабабли, келишув битимини тузишда юқорида қайд этилган ҳусусиятларни инобатга олиш лозим.
Бир сўз билан айтганда, келишув битими низодаги тарафларга мавжуд низони ҳал этишда, қарзни тўлашда, мулкни топширишда ёки бошқа турдаги мажбуриятни бажаришда уларга имконият яратади.
И.Турсунов
Ўзбекистон туманлараро иқтисодий судининг раиси