Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ислоҳотларнинг чекка ҳудудларда ҳам бўй кўрсатиши чинакам тараққиёт омилидир
2024-04-02 00:27:26 233
Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев ҳудудларда аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда белгиланган вазифлар ижросини ўрганиш мақсадида “Намуна” маҳалла фуқаролар йиғинининг олис Комилчўли қишлоғида бўлди.
Дастлаб, маҳалла марказида бўлган туман раҳбари маҳалла “бешлиги”нинг белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар ижросини ҳудудда қай даража ижро этилаётганлиги ҳақидаги ахборотларини тинглади.
Мулоқотларда томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари асосий диққат марказда бўлди.
Туман марказидан қарийб 20 чақирим олис масканда жойлашган Комилчўли кишлоғида 500 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Айни манзилда бўлган туман раҳбари ҳудудда амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишди.
Комилчўлига кетиш йўлидаги маълум ҳудудлар маҳалла ташаббуси билан обод этилиб, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида мўъжазгина “Маҳалла боғи” яратилди. Баҳорнинг илк кунларида бу ерга 4 минг 500 тупдан зиёд терак ва манзарали дарахт кўчатлари экилгани ҳақида маълумот берилди. Ушбу ташаббусни алоҳида эътироф этган туман ҳокими, эзгу амал табиий муҳитни борлигича сақлаш, экологик муаммоларни бартараф этишга кўмаклашини таъкидлади. Яшил майдонларни янада кенгайтириш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди.
7-умумтаълим мактабининг қишлоқда жойлашган филиали ҳамда 64-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш билан боғлиқ жараёнлар билан яқиндан танишилди. Ҳар икки таълим маскани ҳам бундан икки йил аввал “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида кўркам қиёфа касб этиб, муносиб шароитлар яратилган. Бугун ана шу шароитларга мос равишда ишларнинг қай даражада ташкилланганига эътибор қаратилди.
Аҳоли вакиллари билан учрашувлар давомида, тадбиркорлик йўналишидаги лойиҳалар ҳам кўздан кечирилди. Тадбиркор Шерназар Мўминов раҳбарлик қилаётган мебел жиҳозлари ишлаб чиқариладиган цех фаолияти, унда фаолият кўрсатувчи қишлоқ аёллари учун яратилган шароитлар ҳақида суҳбат борди.
Ўрганишлар давомида аниқланган масалаларни ҳал этиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва ободонлаштириш ишларига жиддий эътибор қаратиш юзасидан мутасаддиларга аниқ вазифалар топширилди.