Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманидаги “Сулаймон” маҳалласи “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” мезонлари бўйича вилоятда намуна бўлади дея эътироф этилди
2024-03-30 23:10:27 382
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров вилоят секторлари раҳбарлари билан Ўзбекистон туманидаги “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” мезонлари ҳаётга татбиқ этилган “Сулаймон” маҳалласида амалга оширилган ишлар билан танишди.
Қисқа давр мобайнида “Сулаймон” маҳалласида ушбу мезонлар асосида турли ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, маҳаллани тадбиркорлик марказларига айлантириш бўйича катта ишлар амалга оширилди.
Маҳалладаги 638 та хонадонда 3 минг нафардан зиёд аҳоли вакиллари истиқомат қилади. Умумий ҳисобда 428 та хонадонлар таъмирланди. 3 та оилага янги уй қуриб берилди. Маҳалладаги 13 та кўчаларда 1,5 км йўл шағаллаштирилиб, 650 метр пиёдалар йўлаги барпо этилди, 5,3 км узунликдаги янги электр тармоғи СИП кабеллар тортилди, 2 та янги трансформатор ўрнатилиб, 1 таси таъмирланди, 295 та темир-бетон устунлар ўрнатилди, 4 та газ тақсимлаш пункти таъмирланиб, 6,6 км газ тармоғи таъмирланди. 2,6 км узунликдаги янги ичимлик суви тармоғи тортилди, 1 та ичимлик суви қудуғи қазилди, 2 км узунликдаги ариқлар бетонланди.
Бундан ташқари, маҳалланинг кириш жойига янги пешлавҳа қурилди ва видео кузатув мосламалари ўрнатилди. Махалладаги бўш турган эски бино ўрнида янгидан “Нуронийлар маскани, маҳалла гузари” қурилди. 53-мактаб жорий таъмирланиб, янги спорт майдончаси қад ростлади. Маҳаллада китобхонликни ошириш мақсадида бўш турган майдонга янги ва замонавий “Book kafe” барпо этилди. Маҳалла марказида жойлашган эски бино капитал таъмирланиб, Жамоатчилик ва нуронийлар масканига айлантирилди. Ушбу бинода аҳолига ҳизмат кўрсатиш учун тиббиёт ва ижтимоий марказ хоналари ташкил этилди. Маҳалладаги боғча ёшидаги болаларни тарбияланишлари учун 50 нафар болажонларга мўлжалланган 1 та оилавий уй боғчаси ташкил этилди. Спортни кенг тарғиб этиш бўйича “Workaut” спорт майдончаси ва мини стадион қурилди. Маҳалладаги қабристон ободонлаштирилиб, 200 метр янги девор қуриш ишлари бажарилди.
Вилоят раҳбарлари маҳалладаги амалга оширилган шу каби ишлар билан яқиндан танишиб, янги ижтимоий объектларнинг очилиш маросимларида ҳам иштирок этдилар.
Ободликка юз тутган маҳалладаги янги бино-иншоатларнинг фойдаланишга топшириш маросимлари катта тантана ва байрам сайлларига уланиб кетди.
Маҳалла ўйингоҳига йиғилган минглаб туман аҳли ва сулаймонликлар ободлик тадбирлари рўёбини катта шодиёна ва кўтаринкилик билан нишонладилар. Арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси, туманнинг ҳар томонлама салоҳият ва имкониятларини акс эттирувчи кўргазмалар, спорт мусобақалари хамда миллий ўйинлар, бадиий ва фольклор жамоаларининг миллий куй-қўшиқлари, маросим ва қадриятлар акс этган дастурлари тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Тадбир аввалида сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров “Сулаймон” маҳалласи фуқаролари, тадбир иштирокчиларини баҳор айёмлари ҳамда яқинлашаётган Рамазон ҳайити байрами билан самимий табриклади.
Президентимиз бошчиликларида барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, ягона мақсад "Инсон қадри учун" тамойили асосида қилинаётган ишларнинг пировард натижаси бугун ҳар бир хонадонда тўкинлик, фаровонлик бўлиши, аҳоли ўзининг яшаш турмуш даражасидан рози бўлиши учун қилинаётганлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан "Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла" янги ҳаракати бошлангани, ободлик энг аввало қалблардан бошланиши, ҳар бир хонадонда ободончилик бошланиб, кўчалар, маҳаллалар обод бўлса, юрт обод бўлиши, қаерда ободлик бўлса, ўша ерда барака бўлиши таъкидланди.
Ушбу ҳаракатни мисоли сифатида “Сулаймон” маҳалласида қилинган ишларни кўриб, хурсанд бўлинганлигини қайд этган вилоят ҳокими, туман сектор раҳбарлари ташкилотчиликка кўмаклашган бўлса, маҳалла аҳли, тадбиркорларнинг бирдамлиги, аҳиллиги, ташаббуси билан мана шундай ишлар амалга оширилгани мамнуният билан эътироф этилди.
Қилинган ишлар, саъй-ҳаракатлар эътироф этилиб, барча “Сулаймон” маҳалла аҳли ва ташкилотчиларга миннатдорлик билдирилди. “Сулаймон” маҳалласи нафақат Фарғонада балки бутун республикада намунага айланишлигига ишонч билдирилди.
Шу куни маҳаллани ана шундай кўркам ва обод кўринишга келишида муносиб ҳисса қўшган жонкуярлар, турли танловлар ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланди. “Ёшлар дафтари”даги сулаймонлик бир гуруҳ йигит-қизлар бандлигини таъминлаш учун зарурий меҳнат анжомлари субсидия асосида бепул тақдим этилди.
Элимиз ардоғидаги санъаткорлар томонидан намойиш этилган катта концерт дастури эса қатнашчиларга олам-олам завқ улашди.