Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Бу йил вилоятимизда илк бор ўтказилган “Ўрик гуллаганда” фестивали анъанавий байрамга айланади
2024-03-28 20:10:34 497
Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Ўзбекистон туманидаги Ўқчи қишлоғида илк бор “Ўрик гуллаганда” ёшлар ижодиёт фестивали бўлиб ўтди. Унда вилоятимизнинг турли ҳудудларидан аҳолининг барча қатлам вакиллари, ижодкорлар, ҳунармандлар, ёшлар, хорижлик меҳмонлар иштирок этди.
Умумхалқ сайлига айланиб кетган фестиваль барча иштирокчиларга бир олам қувонч улашди. Қийғос гуллаган ўрик дарахтлари остида миллий ўйинлар, ўзбекона урф-одат ва қадриятлар намойиши, ижодкорлар чиқишлари кўнгилларга кўклам тароватини олиб кирди.
Варраклар учириш, ёш полвонлар ўртасидаги кураш мусобақалари, қўшиқчи ва шоирлар, рассом ва ҳунармандларнинг асарлари ташриф буюрувчиларда катта таассурот қолдирди. Дошқозондаги сумалак, кўк сомсалар эса сайилга ташриф буюрган хорижлик сайёҳларни мафтун этди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Шерзод Раҳимов, Ўзбекистон тумани ҳокими Шерзоджон Юлдашев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлудахон Ходжаева ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев баҳор байрамлар фасли эканлигини таъкидлаб, мазкур фестивалнинг анъанага айланиши, табиат қўйнида ўтказиладиган сайиллар экологик тарбия, соғлом турмуш тарзи тарғиботи, ижодкорлар учун илҳом манбаи бўлиб қолишини билдирдилар.
Баҳор ва кўклам, Наврўз ва гўзаллик ҳақидаги шеър-қўшиқлар жаранг сочди. Таниқли санъаткорларнинг дилтортар қўшиқлари, уста аскиячиларнинг ичакузди пайровлари, фольклор дасталарининг алёру лапарлари дилларга завқ бағишлади.
Ёшлик ва табиат байрами, кўклам ва яратиш-яшнатиш анжумани, ижодкорлик ва миллийлик сайли – “Ўрик гуллаганда” фестивали эндиликда вилоятимизда анъанавий ўтказилади.