Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Маҳаллаларда янги ва замонавий иссиқхоналар сони кўпаймоқда
2024-03-16 15:47:26 566
Томорқа - даромад манбаи. Заминимиз унумдор ва серҳосил. Ҳаракат қилган инсон кафтдек ердан ҳам яхшигина даромад қилади. Буни яхши англаган Ўзбекистон туманилик минглаб оилалар айни йўналишда ўзига хос мактаб яратиб, фаровон ҳаёт кечиришмоқда.
Маҳаллалар аҳолиси ўз томорқа ерларида кичик ва ўрта конструкцияли замонавий иссиқхоналар қуриб, сабзавот ва эртаки экинлар кўчатларини етиштирмоқда.
Хусусан, “Нурсух” маҳалласида ҳам иссиқхоналар ташкил этиш, маҳсулот етиштириш ва даромад топиш борасидаги ишлар намунали йўлга қўйилган. Маҳалладаги 770 та аҳоли хонадонларининг томорқасида 2,5 гектардан зиёд майдонда иссиқхоналар ташкил этилган. Йилдан йилга сони ошиб бораётган иссиқхоналарда кўплаб кишилар доимий ва мавсумий иш билан банд.
Томорқасида ана шундай янги иссиқхона ташкил этган миришкорлардан бири Махфузахон она Юлдашева 10 та набиранинг суюкли бувиси. Уйдаги келини билан ташаббус кўрсатиб шу йили 6 сотих ер майдонида янги иссиқхона барпо этди.
- Кўпдан буён уй шароитида мевани қайта ишлаш билан ҳам машғулмиз. Уйдаги тайёр ернинг умрини беҳуда ўтказмай, ундан оқилона фойдаланишни, яхши ниятда даромадимизни кўпайтиришни мақсад қилгандик. Яратганга шукр, ҳалол меҳнатларимиз самараси кутганимиздан зиёда бўлди, - дейди хонадон бекаси Махфузахон она. – Шу йилнинг 10 январида бодрингни серҳосил ва харидоргир навидан 2 минг 300 тупдан зиёд кўчат ўтқаздик. Илк ҳосилни март ойини 1-санасидан узишни бошладик. Биринчи йил бўлгани учун соҳа агрономларининг қимматли маслаҳатларига астойдил таяндик.
Томорқа эгасининг қўшимча қилишича, ҳозиргача 3-4 марта ҳосил йиғиштирилган, айни кунларда эса 6 сотихли майдондан кунига 120 килограммдан зиёд бодринг узиб олиняпти. Унинг бир килоси 31 минг сўмдан сотилмоқда. Мавсум авжида бир кунда 300 килограммдан зиёд ҳосил йиғиштириб олиш мумкин экан. Иссиқхонада оила аъзолар билан биргаликда 2 нафар қўшнининг ҳам бандлиги таъминланиб, уларга маош тўланяпти. Бу ишлар рўёбида маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси кўмагида оила учун ажратилган 25 млн сўм имтиёзли кредит ҳам асқотди.
Маҳалладаги яна бир тадбиркор миришкор Абдушукур Солиев 25 сотих майдонда янги иссиқхона ташкил этиб, 9 минг 200 туп помидор парваришламоқда. Бу ерда етиштирилган сара маҳсулотлар бир ойнинг нари-берисида бозорга олиб чиқилади. Иссиқхонада 6 нафар маҳалладошларнинг бандлиги ҳам таъминланган.