Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Худоёрхонлик миришкор томорқачи йилнинг тўрт фаслида ҳам қулупнайдан ҳосил олишни йўлга қўйди
2024-02-06 16:30:12 393
Ўзбекистон туманининг “Нурли келажак” маҳалла фуқаролар йиғини Худоёрхон қишлоғида яшовчи Умиджон Рахмоналиев ўз хонадонида гидропоника усулида маҳсулот етиштиришга ихтисослашган иссиқхона ташкил этди.
Асл касби ҳисобчи бўлган Умиджон айни вақтда Фарғона давлат университетининг сиртқи бўлимида иқтисодиёт йўналиши бўйича ҳам таҳсил олмоқда. Томорқачиликка меҳр берган оила бир неча йилдан буён хонадонда лимон етиштириб, яхши даромад олган.
Ўтган йили эса ташаббускор томорқачи 2 сотих ер майдонига гидропоника усулида иссиқхона қуриб, унда қулупнайнинг “сольхян” навини парвариш қилишни бошлади.
– Янги иссиқхонамизга ўтган йилнинг сентябр ойида 3 минг 700 тупдан зиёд қулупнай кўчати экдик. Янги йил арафасида пишиб етилган дастлабки ҳосилни ҳамюртларимиз дастурхонига тортиқ этдик. Ўшанда қулупнайнинг бир килограммини 100-150 минг сўмдан бозорга етказиб бердик, - дейди Умиджон Рахмоналиев. - Бу усулдаги юмуш биз учун янгилик бўлгани учун, ҳозирда изланиш ва тажриба орттиришдан тўхтамаяпмиз. Баравж ўсаётган кўчатларимизнинг навбатдаги ҳосили яқин кунларда пишиб етилади.
Қайд этилишича, гидропоника усулида минерал озуқа ва кислород тўғри ўсимлик илдизига етказилади. Бу усулдаги иссиқхонага кўпроқ кўчат экиш имкони бор.
Иссиқхонада технология асосида ҳар уч кунда 50 килограммдан зиёд ҳосил йиғиштириб олиш мўлжалланмоқда.
– Қулупнайнинг “сольхян” нави ширин ва ҳосили кўплиги билан ажралиб туради, – қўшимча қилади ёш деҳқон. Қулупнайлар +15, +25 градус оралиғида жуда яхши ривожланар экан, ҳосили ҳам катта-катта бўлиб пишади. Ўта иссиқ ҳароратда қулупнайлар ривожланмасдан пишади. Ҳозирда ҳар 5-6 кунда бир минерал озуқа бериб, томчилатиб суғориш ишларини амалга оширяпмиз. Мақсадимиз йилнинг тўрт фаслида ҳам яхши ҳосил олиб, ҳам юртдошларимизга хизмат қилиш, ҳам муносиб даромад олиш.