Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 91 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирилган Оила судьялари ташкил этилади

×

 2024-01-26 18:28:00    671

PDF yuklash
Chop etish


2023 йил 21 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарорда ҳозирги кунда судлар фаолиятида кўплаб учрайдиган, фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ амалга оширишга тўсқинлик қилиб келаётган муаммоларнинг ечими билан боғлиқ бўлган бир қатор вазифалар белгиланди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши ҳамда Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг илғор хорижий тажриба асосида фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпусини шакллантириш ҳақидаги таклифига розилик берилди.

Бунда, 2024 йил 1 февралдан мавжуд штат бирликлари доирасида тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди, Наманган туманлараро суди ва Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг икки нафардан судьясини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этилиши белгиланди.  

Шунинг билан бирга фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан кўриб чиқилаётган никоҳдан ажратиш, уй-жойга киритиш, никоҳ муносабатларига киришда келгуси авлоднинг саломатлиги учун қайғуриш каби масалалар бўйича қонунчиликка таклифлар киритиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Ҳозирги кунда яхши ниятлар билан турмуш қурган, бироқ ўзларига боғлиқ бўлган ва бўлмаган сабабларга кўра бирга яшамасдан, оилавий ҳаётини йўлга қўя олмасдан келаётган фуқаролар борлиги кўпчилик учун сир бўлмай қолган.  

Оила қонунчилигида эр-хотинни қонуний никоҳдан суд тартибида ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан ажратилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 42-моддасига кўра, вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.

Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.

Юқоридаги нормадан кўринадики, аксарият ҳолларда эр-хотин ўртасида турли низолар мавжуд бўлганлиги боис никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишларни кўриш фуқаролик ишлари бўйича судлар зиммасига тушмоқда.

Оила кодексининг 40-моддасига кўра, суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

Судларда никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишларни кўришда тарафларга оилани тиклаш ва ярашиб олишлари учун муҳлат бериш амалиёти йўлга қўйилган бўлиб, ушбу амалиёт тарафларга яна бир карра ўйлаб кўришларида, оилани сақлаб қолиш чораларини кўришларида, фарзандлар келажаги ва бошқа масалалар бўйича келишувга эришишларида муҳим ўрин тутади. Бироқ суд томонидан, маҳалла фуқаролар йиғини ва бошқа ташкилотлар томонидан қанчалик харакат қилинмасин, оилани тиклашни имкони бўлмай қолган ҳолатлар ҳам, афсуски суд амалиётида учраб туради. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги Қарорида ушбу масалага ҳам эътибор қаратилиб, жиноий оилавий (маиший) зўравонлик қурбонларига нисбатан жабрланувчининг талабига кўра суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишларнинг соддалаштирилган тартибда, яъни суд маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг фикрини инобатга олган ҳолда эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига имконият йўқ деб топса, ишни кўришни кейинга қолдирмасдан ҳамда ярашиш учун муҳлат тайинламасдан ҳал қилув қарори чиқаришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси масъул давлат органларига юклатилди.  

Ушбу қонун лойиҳаси тегишли тартибда ишлаб чиқилиб, қонунчиликда белгиланган тартибда қабул қилингач, нотинч оилалар сонини камайишига, оилавий ҳаётини йўлга қўя олмасдан юрган фуқароларнинг сони қисқаришига, жамият аъзоларини соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишга, тинч-тотув яшаётган оилаларнинг салмоғини ошишига хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

Н.Эгамов

Фарғона вилоят судининг судьяси