Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 148 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Конституция – бош қомусимиз

×

 2023-12-09 10:16:16    752

PDF yuklash
Chop etish


Конституция – давлатнинг Асосий қонуни, у давлатнинг тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартибини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, шахс, давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизими ҳамда сайлов тизимини белгилаб беради.

Конституция жамият келажагини, тараққиёт йўлларини белгилаб бериши керак. Бунинг учун давлатнинг бугуни ва эртасини белгиловчи асосий қонун сифатида макон ва замонга мос бўлиши, инсоният тараққиётининг талаб ва эҳтиёжларини ўзида мужассам этиши лозим. Шундагина мамлакат ва халқнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.

Конституциямиз шу тамойил асосида катта-кичик ўзгаришлар билан янгиланиб келмоқда. 1992 йилдан 2023 йилга қадар Констититуцияга жами 15 марта ўзгартиш киритилган эди. Жорий йилда эса ўзгаришлар кўлами катталиги сабаб ҳужжатнинг янги таҳрири қабул қилинди. Янгиланиш натижасида Бош қомусдаги моддалар сони 128 тадан 155 тага, нормалар эса 275 тадан 434 тага ошди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди. Бунга 30 апрель куни бўлиб ўтган референдум натижасига кўра тегишли қонуннинг қабул қилиниши асос бўлди.

            Конституциянинг 1-моддасидаги “Ўзбекистон – суверен демократик республика” жумласи қуйидагича ўзгартирилди:

Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.

Бошқарувнинг республика шакли – давлат ҳокимиятининг олий органлари халқ томонидан муайян муддатга сайланишини англатади. Суверен давлат – ўз ҳудудида тўла-тўкис мустақил ҳукмронлик ва мутлақ юрисдикцияга эга бўлиш демакдир.

Демократия эса халқ ҳокимиятини ифода этиб, давлат бошқарувида сайланиш ва ўз вакилларини сайлаш орқали барчанинг тенг ҳуқуқли иштироки таъминланишини кўзда тутади.

Ҳуқуқий давлатда барча жараёнлар қонуний асослар устига қурилади, давлат хизматчиларидан ҳуқуқ доирасида фикрлаш, барча масалаларга ҳуқуқий кўз билан қараш талаб этилади. Қолаверса, ҳуқуқий давлатда барча фуқаролар қонун олдида тенг бўлади, давлат ҳокимиятининг олий органлари ҳам қонунларга бўйсунади ва қонунларнинг муқаррар ижросини таъминлайди.

Ўзбекистон ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилиши билан ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олди. Бу – мавжуд ресурсларни ижтимоий адолат тамойиллари асосида тақсимлаш, жамиятда кучли табақаланиш авж олишига йўл қўймаслик, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва тиббиёт кафолатланиши, самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари ишлаши, имконияти чекланган ва қўлловга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, адолатли меҳнат қонунчилиги ва жозибадор пенсия тизими кабиларни англатади. Оддийроқ айтганда, энг камбағал оиланинг болаларида ҳам соғ-саломат ўсиб-улғайиб, яхши таълим олиб, фаровонликка эришиш имконияти бўлиши керак.

Дунёвий давлатда давлат ва дин бир-биридан ажратилади. Давлат диний эътиқодидан қатъи назар, барчага бир хил муносабатда бўлади, динга оид масалаларда нейтрал позиция эгаллайди.

Янги Конституциянинг 154-моддаси билан 1-моддадаги қоидаларни қайта кўриб чиқиш мумкин эмас, деб белгиланди. Худди, шунингдек,  154-модданинг иккинчи банди ҳам қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.

Бошқача айтганда, бу норма – Ўзбекистон ҳеч қачон демократиядан воз кечмаслиги, ҳуқуқий давлатчиликка содиқлиги, монархияга ёки исломий республикага айланмаслигини назарда тутади.

Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. 

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди. Инсон ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши, ҳуқуқий таъсир чоралари қонуний мақсадга эришиш учун етарли ва мутаносиб бўлиши кераклиги белгиланди. Ушбу қоидалар инсон ҳуқуқлари устуворлигини таъминлайди, давлат идораларининг ўз вазифаларини инсон ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда амалга оширишда масъулиятини оширади ҳамда инсонга меъёридан ортиқ ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилишининг олдини олади.

Конституцияда мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланди. Бундан ташқари, Конституцияга адвокатурага бағишланган алоҳида бобнинг киритилиши суд ҳокимияти, прокуратура органлари қаторида одил судловнинг муҳим таркибий қисми сифатида адвокатуранинг ҳуқуқий мақоми белгиланишига хизмат қилди.

Ушбу мақсадга эришиш учун исоннинг шаъни ва қадр қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керакли белгиланган.

Айбсизлик презумцияси янада кучайтирилди.

Жумладан, илгари шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланади. 

Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолати энг илғор халқаро стандартларга мувофиқ кучайтирилди. Хусусан, шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, ушбу муддат ушлаб туриш қонунийлиги ва асослилиги судда исботланмаса, шахс дарҳол озод қилиниши (“Хабеас корпус” институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), шунингдек,  айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи белгиланди.

Ушбу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва инсонларни ноқонуний ҳибсга олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.

Илк маротаба ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланди. Илгари ушбу ваколат прокурорга тегишли бўлиб, унинг судларга ўтказилиши шахс дахлсизлиги ва конституциявий ҳуқуқларини таъминлашда туб бурилиш бўлди.

Шахс қариндошларининг судланганлиги асоси билан ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши инсон ўзининг яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавоб бермаслигини таъминлайди.

Шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар киритилди.

Бундан ташқари, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлмаслиги белгиланди.

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида Судьялар олий кенгашининг барча аъзоларини Сенат томонидан сайлаш тизими киритилди.

Конституцияда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича нормалар мустаҳкамланди.

Фуқароларга суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқининг берилиши фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун янги механизм ҳисобланади.

Юқоридагилардан ташқари, конституцияга бошқа кўплаб нормалар ҳам қўшилди, жумладан:

•  Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади;

•  агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса, у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмас;

•  қонунни бузган ҳолда олинган далиллардан одил судловни амалга ошириш чоғида фойдаланишга йўл қўйилмайди;

•  ҳар ким ўз шахсига доир нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади.

Конституциянинг тўғридан тўғри амал қилиши фуқароларга нафақат қонунлар, балки бевосита Конституциядаги нормаларга ҳам асосланган ҳолда иш олиб боришга, хусусан судга мурожаат қилишга имкон беради.

Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади.

Ижтимоий муносабатлар чексиз шаклларга эга, уларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда тўлиқ кодификация қилиб чиқиш амалда имконсиз.

Эндиликда, қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади.

Бундан ташқари, турли ҳужжатларни юритишда давлат органлари томонидан хато-камчилик ўтган тақдирда, масалан, пенсия тайинлашда тегишли ҳужжатлар базадан топилмай, ноаниқлик юзага келганида ҳам вазият фуқаро фойдасига ҳал этилиши керак.

Янги Конституциямиз янги марралар сари шижоат билан интилаётган жамиятимизнинг бугуни ва келажагини белгилаб берувчи мукаммал ҳужжат бўлди. 

Иброхимжон Турсунов

Ўзбекистон туманлараро иқтисодий суди раиси