Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 137 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Дилбанди учун курашган онанинг талаби апелляция судида қаноатлантирилди

×

 2023-12-04 09:18:49    354

PDF yuklash
Chop etish


Маълумки, ҳаётда вояга етмаган фарзандни онасидан айро ҳолда тасаввур қилиш жуда мушкул. Узрли сабаблар ва вазият тақозоси туфайли бўлиши эса бошқа гап. Фарзанд онасидан руҳий қувват олиб турадики, буни волидаси билан бирга ёки ундан ажратилган шароитда яшаган боланинг феъл-атвори, ўзини тутиши, ўзгалар билан муносабати, қизиқишларидан тез илғаб олиш мумкин.

Қува туманида яшовчи М.С. ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Д.Қ. ўртасида юзага келган фуқаролик низосини судда кўриш жараёнида ана шу фикрлар кечди хаёлимдан.

Аниқланишича, Д.Қ.  билан М.С. 2012 йилда шаръий никоҳ асосида турмуш қуришган. 2015 йил июль ойида эса Зангиота тумани 1-сонли ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтишган. Бу орада – 2013 йил 20 июнда биринчи фарзандлари М.Д. қизи туғилган. 2015 йил 15 сентябрда эса ўғиллари Э.Ш. дунёга келган. Аммо кейинчалик эр-хотиннинг ўртасига совуқчилик тушиб, оила парчаланган. Бунга Д.Қ. нинг ичкиликка ружу қўйгани сабаб бўлган. Шу боис улар 2019 йилдан буён бирга яшашмайди. Фақат гоҳ-гоҳида болаларини кўриб кетиб турган ота. Сўнгги маротаба – 2023 йил май ойида Д.Қ. фарзандларини кўргани келганида Э.Ш.ни қайтариш шарти билан Зангиотага олиб кетади. Бироқ у ўғлини қайтариб келмайди. Аксинча, фарзандларининг доимий яшаш жойини Тошкент вилояти Зангиота тумани “Боғишамол” маҳалласидаги ўзи истиқомат келаётган уй сифатида белгилаб беришни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво ариза киритади. Ўз даъвосига ота собиқ рафиқаси фарзандларини қайнонасига ташлаб, Россия Федерациясига ишлаш учун кетганини асос қилиб келтиради. Бинобарин, суднинг 2023 йил 21 августдаги ҳал қилув қарори билан унинг даъвоси қаноатлантирилади. Яъни М. ва Э.нинг доимий яшаш манзили сифатида Зангиота туманидаги ота уйи белгиланади. Лекин...

Лекин суд қароридан норози бўлган М.С. Фарғона вилоят судига апелляция шикоятини беради. М.С. нинг таъкидлашича, хўжайини спиртли ичимликка муккасидан кетгани боис фарзандлари ва ўзининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида 2019 йилдан буён Россия давлатида ишлаб келади. Бу даврда М. билан Э. онасининг қарамоғида қолишган. Биринчи инстанция суди қарорида болаларнинг доимий яшаш жойи сифатида белгилаган уй-жой қайноғасига тегишли. Эр-хотин илгари бирга яшаган пайтларида ҳам турли жойларда, ноқулай бўлган шароитларда ижарада туришган. Шу боис аёл бундай сарсонликдан чарчаб, фарзандларини олиб, Қува туманига – ота уйига кетиб қолган. Шундан буён болалар мазкур тумандаги мактабда ўқиб келишган. Россияда ишлаган вақтида ҳам онасига пул юбориб, фарзандларини моддий жиҳатдан тўлиқ таъминлаб келган. Негаки Д.Қ.  дан суд ҳужжати асосида алимент ундириш белгиланган бўлса-да, у зиммасидаги оталик мажбуриятини бажармаган.

Бундан ташқари, 2023 йил май ойида хўжайини Элмуродни олиб кетгач, ўзи ҳам, қизи ҳам уни соғиниб қолишган.

Фуқаролик иши ҳужжатларида М.С. нинг ахлоқий ва шахсий фазилатлари билан вояга етмаган фарзандларининг тарбиясига салбий таъсир этганлигидан далолат берувчи, хусусан уларнинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолатига зарар етказиш мумкин бўлган ёки уларни менсимаслик, шафқатсизлик, қўполлик, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомала қилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмас. Қолаверса, апелляция инстанцияси оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, болаларнинг умуминсоний қадриятларини ҳурматлашдек юксак вазифаларга таяниб, ҳеч қандай омил боланинг манфаатларидан устун турмаслигини, болаларни бир-биридан ажратиб тарбиялаш уларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, биринчи инстанция судининг қарорини вояга етмаганларнинг ҳохиш-иродасига зид деб ҳисоблади.

Гарчи, вояга етмаган Э.Ш. апелляция суди мажлисида отасиникида яшашни исташи, онаси билан бирга истиқомат қилишни хоҳламаслигини билдирса-да, апелляция инстанцияси бола отасининг уйида онаси ҳақида салбий фикрларни эшитавериши оқибатида шундай қарорга келганлигини эътиборга олди. Бу ҳам етмагандек, биринчи инстанция суди ишни Мафтунанинг иштирокисиз кўриб, уни даъво ариза юзасидан тушунтиришларини эшитиш чораларини кўрмаган.

Фуқаролик процессуал кодексининг 399-моддасига биноан, суд ишни апелляция тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан ишни янгидан кўриш учун юбормасдан ҳал қилув қарорини ўзгартиришга ёки ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори чиқаришга ҳақли. Ана шу асосларга таянган Фарғона вилоят суди апелляция шикоятини қаноатлантирди. Яъни фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2023 йил 21 августдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, Д.Қ.нинг даъвосини рад этиш тўғрисида ажрим чиқарди.

Шу тариқа М.С. дилбандлари ўзи билан бирга яшаши учун курашиб, мақсадига эришди.

Бош қомусимизнинг 78-моддасида “Фарзандлар ота-онасининг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбуриятидир. Оналик, оталик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади” дея қайд этилган. Шу маънода айтганда, Фарғона вилоят судининг юқоридаги ажрими қабул қилиниши туфайли мазкур конституциявий қоида ҳаётий ифодасини топди, дейиш мумкин.

Раҳимжон ҚОСИМОВ,

Фарғона вилоят судининг судья