Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир
2023-11-09 10:25:14 776
Маълумки, сўнгги йилларда жамиятимиз ҳаётининг барча соҳаларида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Юртимизда мустаҳкам манзилли ижтимоий ҳимоя тизими яратилди.
Иқтисодиёт эркинлашиб, хусусий мулк эгалари кўпайиб боряпти, маданий ҳаётимизда, спорт соҳасида ёшларимизнинг ютуқлари кундан-кунга ошиб боряпти.
Айтиш жоизки, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам демократик ўзгаришлар қилиняпти. Халқимизни қарашлари ўзгариб, ҳуқуқий онги ошиб боряпти, давлат органлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати олиб бориляпти.
Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида ўз аксини топган халқпарвар давлатни барпо этиш йўлидаги муҳим вазифаларни амалга ошириш учун, авваламбор янги конституциявий макон кераклигини боис, жорий
2023 йилнинг 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.
Конституцияда илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартирилди, яъни бунда энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш мақсади кўзланган.
Бош Қомусимизнинг 54-моддасида “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланиб, ушбу мақсадга эришиш учун инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши кераклиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Бошқача айтганда, энди агар давлат бирон бир ҳаракат учун жарима, ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чорасини белгиламоқчи бўлса, мазкур принципга амал қилади, яъни арзимаган, кам аҳамиятли қоидабузарлик учун унинг жамият учун хавфлилик даражасига мутаносиб бўлмаган оғир жазо чорасини белгилай олмайди. Айтиш жоизки, ушбу қоида асосида амалдаги ҳуқуқий таъсир чоралари ҳам қайта кўриб чиқилади.
Инсоннинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларда юзага келадиган қонунчиликдаги ноаниқликлар инсон фойдасига талқин қилиниши белгиланди.
Яна бир ҳолат: Конституциямизда “шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлмаслиги” белгиланди. Бош Қомусимизга киритилаётган ушбу қоида заҳматкаш халқимизнинг кўп йиллар давомида бошига тушган ташвиш, яъни заррача айби йўқ шахсга нисбатан айбдор сифатида қараш каби собиқ тузумдан қолган сарқитлардан холи этишга қаратилди.
Айбсизлик презумпцияси янада кучайтирилиб, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгиланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланди.
Конституциянинг 30-моддасига биноан ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.
Бундай норманинг киритилиши давлат ва жамиятда Конституция ва унинг асосида қабул қилинган, белгиланган тартибда амалга киритилган қонун ва қонуности ҳужжатларининг республиканинг барча ҳудудида сўзсиз амал қилишига, расмий эълон қилинмаган қонунлар бўйича иш юритилмаслигига асос бўлади.
Яъни, содда қилиб айтганда, эндиликда шахсни ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши қатъий белгиланган ва амалда мавжуд қонунчилик асосида бунга ваколатли бўлган суд органлари томонидан ҳал этилади.
Конституциянинг 31-моддасига кўра, ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва
қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Юқоридаги Конституцион кафолатлар мамлакатда шахснинг шаъни ва қадр-қимматининг баланд бўлиши, муҳими, бу ҳуқуқ ва эркинликларнинг давлат томонидан ҳимоя қилинишини таъминлаши аниқ, бунга шубҳа бўлмаслиги лозим.
Эндиликда ҳар бир шахс жамиятдаги мавқеи ва ўрнидан қатъий назар, ўз ҳаётини Конституция асосида тартибга солса, ҳуқуқий билимларини доимий равишда юксалтириб борса, бу ҳаракати билан нафақат ўзининг, балки бутун бир жамиятнинг олға боришига, демократик, ҳуқуқий ва дунёвий давлат барпо этишга катта ҳисса қўшган бўлади.
Зеро, жамиятдаги барқарорлик ундаги ҳар бир шахснинг хатти-ҳаракатига бевосита боғлиқ бўлиб, буни барчамиз бирдек ҳис этишимиз лозим.
Бирдамлик ва ягона мақсад сари интилиш олий мақсадимиз, кундалик шиоримиз бўлмоғи лозим.
Албатта, бу саъйи-ҳаракатларимиз Конституцияга риоя этган ҳолда амалга оширилиш керак.
Нодир Сулайманов
Фарғона вилоят судининг судьяси