Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Iyul 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
293031    

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 215 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

“Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!”

×

 2023-10-18 15:56:10    380

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон тумани маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг туманимиз аҳолисига

МУРОЖААТИ

Қадрли ҳамюртлар!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, ўсимликларни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Кўчат экиб, боғ яратиш – халқимизнинг азалий қадриятларидан бири. Зеро, ўзимиз яшаб турган жойни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш туфайли кўнглимиз шодликка тўлади, турмушимиз файзли ва фаровон бўлади.

Кўчат экиб, боғ яратиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятидир. Зеро, аждодларимиз оилада янги туғилган фарзандга атаб ерга ниҳол қадаган. Ўша дарахт билан бирга фарзанд ҳам улғайган.

Демак, халқимизнинг ибратли ўтиши ўзимиз яшаётган муҳитда табиатга оқилона муносабатда бўлиб, уни асраб авайлаш, келгуси авлодлар ҳам яшаши учун қулай макон барпо этишга ундайди. 

“Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак” деган ғояни илгари сурган Давлатимиз раҳбари, табиатга эътибор беришни, бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш олиб боришни, ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ҳиссини тарбиялашни таъкидлаб келмоқда.

Икки йил аввал юртимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўлидаги сайъ-ҳаракатларимизнинг катта бўлагидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.

Ўзбекистон туманида жорий йил баҳор мавсумида 595 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт ва бута кўчатлари ҳамда қаламчалари экилган бўлса, куз мавсуми учун 371 минг мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилиши белгиланган.

Доимо она табиат билан уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, атроф-муҳит софлиги ва барқарорлигини сақлашга интилиб келадиган кўпмиллатли халқимиз номидан биз Президентимизнинг ана шу ташаббусларидан руҳ олиб, барчангизни, бутун эл-юртимизни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда бирга яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга чақирамиз.  

Қадрли тумандошлар, маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар!

Айни вақтда, айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, дарахт экилмаган жойлар ҳам кўп. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод қилишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур.

Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда маҳалла фаоллари, бошқарув-сервис компаниялари жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва уйбошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқдир.

Муҳтарам нуронийлар!

Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда.

Туманимизда 26 мингдан ортиқ нуронийлардан маҳаллаларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.

Нуронийларимизнинг ҳар бири 1 тупдан кўчат экса, 26 мингдан зиёд янги дарахт пайдо бўлади. Ёки ҳар бири ўз ёнига 10 нафар ёшни жалб қилса, бу рақам 10 баробарга ошади.

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!

Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг улушингиз катта. Биргина кўчат етиштириш бўйича тўхталадиган бўлсак, туманимизда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан турли хил дарахт кўчатлари ва ниҳоллари парваришланмоқда.

Бу савобли ишларни давом эттириш учун ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасига, маҳалла гузари ва кўчасига 10 тупдан кўчат экса, туманимиз бўйлаб 500 мингдан зиёд дарахт бунёд бўлади.

Фермерларимиз “Бир дала – бир маҳсулот” тамойили асосида ўз ҳудудига тут, ток, терак ва бошқа кўчатларни экса, ҳар бир қарич еримиз боғ-роғларга айланади.

Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва  спортчилар!

Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳимдир.

Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спорт юлдузларига юртимиз ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди.

Шундай экан, юртимизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!

Мўътабар оналар, азиз опа-сингиллар!

Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзалдир!

Табиат ҳам она каби муқаддасдир! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳангдир. Онани қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик!

Айни вақтда, юртимизда “Оналар – яшил макон учун” ғоясининг анъанага айланиб бораётгани, жойларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани кузатилмоқда. Бу ишларда туманимизнинг 73 та маҳаллаларидаги “Оқила аёллар” ҳаракати ҳам муносиб ўрни тутган холда, галдаги вазифамиз – ушбу хайрли тадбирларни халқимиз орасида кенг ёйишдан иборат.

Азиз ёшлар!

Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.

Она заминимизга меҳр беринг! Нурли келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ниҳолингизни экинг, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!

Асло унутманг, сиз Ўзбекистон фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз – бу ота-онангиз, маҳаллангиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади.

Қадрли тумандошлар!

Дарахт экиш ва уни парваришлашни мажбурият эмас, қадрият сифатида қабул қилайлик!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни чуқур ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик!

Токи, биздан фарзандларимизга обод, яшилликка бурканган гўзал Ватан мерос қолсин!