Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Биринчи теримнинг ўнинчи кунида зафар маррасини забт этган фермер хўжалигида ҳосил тўйи нишонланди
2023-10-07 19:09:01 379
Бугун юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Ўзбекистон туманида ҳам пахта йиғим-терим ишлари қизғин тус олган.
Хабар бериб борилаётганидек, мавсумнинг дастлабки кунлариданоқ тумандаги илғор миришкорлар бирин-кетин белгиланган пахта тайёрлаш режасини уддалаб, зафар қучишмокда.
Ана шундай илғор хўжаликлардан яна бири “Пойтахт сардори” фермер хўжалиги миришкорлари ҳам биринчи теримнинг ўнинчи кунида ўз олдиларига қўйган эзгу мақсадларига эришдилар.
“Намуна” ММТП ҳудудидаги қишлоқ ва олис Комилчўли мавзесида деҳқончилик қиладиган хўжалик жорий йилда 22 гектар майдонда “С-8290” навли пахта етишириб, қисқа муддатларда 100 тоннадан зиёд ҳосилни териб олди ва “оқ олтин” тайёрлаш режасини ортиғи билан бажарди.
Шу муносабат билан бугун хўжалик дала шийпонида ҳосил тўйи нишонланиб, азму шижоатли, матонатли дала меҳнаткашлари ва теримчиларга қувонч улашилди.
Унда иштирок этган туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев бошчилигидаги сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимлиги гуруҳ раҳбари Юсуфжон Камолов, вилоят адлия бошқарма бошлиғининг ўринбосари Улуғбек Маҳмудов ва “Булут текстил” пахта-тўқимачилик кластери корхонаси мутасаддилари хўжалик миришкорларини ушбу меҳнат ютуқлари билан самимий қутладилар.
Тадбирда сўз олган туман раҳбари, туманда бу каби зафарларга эришаётган заҳматкаш бободеҳқонларнинг сафи тобора кўпайиб бораётгани, уларнинг сермаҳсул меҳнати эвазига аввало фермернинг ўзи, қолаверса кўплаб ишсиз фуқаролар моддий манфаатдорликка эришаётганлигини яна бир бор таъкидлаб, етиштирилган ҳосилни йиғиб-териб олишда мададкор бўлган теримчи-ҳашарчиларнинг фаоллигини ҳам алоҳида эътироф этиб ўтди.
Шу куни фермер хўжалик раҳбаридан тортиб, сувчи, механизаторлар ва юз нафардан зиёд илғор теримчиларнинг барчасига тўйга тўёна сифатида эсдалик совғалари топширилди.
Дала шийпонида ёзилган байрамона дастурхон, санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқ ва рақслар дала заҳматкашларига кўтаринки кайфият, даврага эса ўзгача файз бахш этди.