Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Қонунчиликдаги янгиликлардан бохабармисиз: Наркологик касалликлар профилактикаси бўйича янги нормалар белгиланди
2023-09-18 21:42:53 183
Кейинги йилларда Республикамизда наркологик касалликлар профилактикаси, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш, наркологик касалликларга чалинган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишни ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Наркологик касалликларга чалинган шахслар томонидан фуқаролар хавфсизлиги ва соғлиғига таҳдид қилиниши, жамоат тартиби бузилиши, ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ҳолларининг барвақт олдини олиш мақсадида мазкур шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни нафақат наркология муассасаларининг, оила аъзоларининг (қариндошларининг) илтимосномаларига асосан, балки ички ишлар органларининг ташаббусига кўра ҳам расмийлаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шу муносабат билан «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ички ишлар органларига наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни расмийлаштириш ваколати берилишини, шунингдек мазкур материалларни тайёрлаш тартиби белгиланишини назарда тутувчи тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.
Шу билан бирга клиник текширувлар наркология диспансерлари билан бир қаторда тегишли мутахассислар мавжуд бўлган бошқа тиббиёт муассасаларида ҳам ўтказилиши мумкинлиги белгиланмоқда. Ушбу Қонун наркологик касалликларга чалинган шахсларни мажбурий даволашга юбориш ташаббуси билан чиқадиган шахслар доирасини кенгайтиришга, ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга ҳамда наркологик ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 27 октябрда қабул қилинган «Наркологик касалликлар профилактикаси ва уларни даволаш тўғрисида»ги ЎРҚ-644-сонли Қонуни 12-модданинг учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилиши, яъни «текширувдан ўтказилишни, маслаҳат берилишини, ташхис қўйилишини, шунингдек наркологик касалликларга чалинган шахсларнинг амбулатория ва стационар шароитларда даволанишини ҳамда тиббий-ижтимоий реабилитация қилинишини кафолатлайди», 25-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилиши, «Мажбурий даволаш атрофдагиларнинг хавфсизлиги ва соғлиғига таҳдид солаётган ёхуд жамоат тартибини, бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини бузаётган, психоактив моддалар таъсиридан мастлик ҳолатида маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун бир йил ичида бир мартадан ортиқ маъмурий жавобгарликка тортилган ҳамда ушбу Қонунга мувофиқ мажбурий даволашга юборилиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирилган наркологик касалликка чалинган шахсга нисбатан суднинг қарорига асосан қўлланилади. Бунда мажбурий даволаш диспансер кузатуви остида (диспансер ҳисобида) бўлган ва ихтиёрий даволанишни рад этаётган наркологик касалликка чалинган шахсга нисбатан қўлланилади» деб белгиланди, шунингдек, 27-модданинг биринчи қисми қуйидаги мазмундаги жумла билан тўлдирилди: «Наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволаш заруриятини аниқлаш билан боғлиқ барча клиник текширувлар наркология диспансерида, зарур ҳолларда эса тегишли мутахассислар мавжуд бўлган бошқа тиббиёт муассасаларида ўтказилади», 28-модданинг матни қуйидаги таҳрирда «Наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материаллар ички ишлар органлари томонидан наркология муассасаларининг, наркологик касалликка чалинган шахс оила аъзоларининг ёки қариндошларининг илтимосномаларига асосан, шунингдек наркологик касалликка чалинган шахснинг оила аъзолари хабардор қилинган ҳолда, ички ишлар органларининг ташаббусига кўра тайёрланади ва расмийлаштирилади.
Ички ишлар органлари наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволашга юбориш тўғрисидаги материалларни тайёрлаш мақсадида мазкур шахсни наркологик экспертизадан ўтказиш учун унинг яшаш жойидаги наркология диспансерига олиб боради. Ички ишлар органлари наркологик экспертизаларни ўтказиш учун ихтисослаштирилган тиббий комиссиянинг наркологик касалликка чалинган шахсни мажбурий даволаш зарурлиги тўғрисидаги тиббий хулосасини олгач, тўпланган материалларни мазкур шахснинг яшаш жойидаги ёки наркология диспансери жойлашган ердаги судга тақдим этади. Мазкур материаллар судга электрон ҳужжат тарзида ҳам юборилиши мумкин» деб баён этилиши белгиланди.
Ш.Мирзакиров
Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг раиси