Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Қораёзбоболик ўқувчилар учун ҳам “Ташаббусли бюджет” дастури доирасида қўшимча янги ўқув биноси бунёд этилмоқда
2023-09-18 21:35:07 158
“Ташаббусли бюджет” дастури доирасида Ўзбекистон тумани “Қораёзбобо” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 15-мактабда ҳам 120 ўқувчи ўрнига мўлжалланган қўшимча ўқув биноси барпо этилмоқда.
Бу борада илгари сурилган таклиф ҳам лойиҳанинг жорий йилги 1-мавсуми жараёнида 4 мингтадан зиёд овоз тўплаган.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев бугун мазкур таълим даргоҳида бўлиб, қурилиш-бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди.
Таълим муассасасидаги мавжуд асосий ўқув биноси 1938 йилда қурилган. Кейинчалик, 2007 йилда 4 та синф хонасига эга бўлган 2 қаватли яна бир ўқув биноси, 2017 йилда эса спорт зал барпо этилиб, мактаб ўқувчилар ихтиёрига фойдаланишга топширилган.
Шундай бўлсада, жами 410 ўринли ўқув биноларига эга бўлган мазкур билим масканида айни кунларда 880 нафар ўқувчилар таҳсил олишмоқда. Мактабнинг бугунги кундаги ўқувчилар сиғими 2 коэффицентдан ошиб кетган. Ташаббусли бюджет лойиҳаси эса айни муаммога ижобий ечим бўлди. Ўзаро бирдамлик ва фаоллик натижасида ушбу таклиф учун 4 мингтадан ортиқ овоз тўпланди. Ташаббусни амалга ошириш учун эса давлат бюджетидан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Айни кунларда “Қўқон қурилиш замини” масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари томонидан билим маскани учун 120 ўринли янги ўқув биноси қад ростламоқда. Янги ўқув биносини қуриб битказиб, фойдаланишга топшириш муддати келгуси ойнинг якунига қадар белгиланган.
Туман ҳокими томонидан қурувчи ва мутасаддиларга жараёнларда ишнинг юқори сифатини таъминлаш ва самарадорлигини ошириш билан биргаликда, таълим маскани ҳудудида умумий ободонлаштириш тадбирларини ҳам ташкиллаш борасида зарурий тавсия ва кўрсатмалар берилди.