Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Фарғонада Япония таълим тажрибасини татбиқ этиш учун бошланган амалий ишлар Ўзбекистон туманидаги 69-умумтаълим мактаби мисолида таҳлил қилинди
2023-08-26 20:19:22 183
Бугун мазкур мактабда умумий ўрта таълим мактабларида Япония таълим тажрибасини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишларнинг ҳолати ва ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга бағишланган вилоят тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, Япония таълим тажрибасини Фарғона вилоятида синов тариқасида татбиқ этиш бўйича вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Гото Микако иштирок этдилар.
Шаҳар ва туманлар ҳокимлари ва уларнинг ижтимоий соҳадан масъул ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, вилоят, шаҳар ва туманлар таълим соҳаси мутасаддилари, ҳудудлардаги Япония таълим услуби жорий қилинаётган мактаблар директорлари жалб этилган тадбирда дастлаб мактабда яратилган шарт-шароитлар, биноларнинг жиҳозланиши кўздан кечирилди.
Олиб борилган амалий ишлар таҳлилига бағишланган йиғилишда Давлатимиз раҳбари кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, юртимиз умумтаълим мактабларида жорий қилиш, ўқувчиларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш давлат сиёсатига айланганлиги яна бир бор таъкидланди.
Вилоят раҳбари Япония таълим тажрибасини жорий этиш юзасидан амалга оширилиши зарур бўлган ташкилий ишлар, чора-тадбирларни бирма бир санаб ўтди.
Ёшлар таълим-тарбияси билан шуғулланиш раҳбарлар олдидаги устувор вазифа эканлигини қайд этган вилоят ҳокими, масъуллар фаолиятига танқидий муносабат билдириб, белгиланган ишларни вақтида амалга оширмаган мутасаддиларга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди.
Япония таълим тажрибаси татбиқ этилаётган барча мактабларда ўқувчилар телефон қурилмаларини қолдиришлари учун, оёқ кийимларини ечишлари учун махсус жойлар тайёрланиши, бой китоб фондига эга кутубхона бўлиши шартлиги айтиб ўтилди. Синфлар озодалиги, ошхоналар фаолияти, тўгараклар ташкил этилиши билан боғлиқ жараёнлар муҳокама қилинди.
Айниқса, дарс сифати ва самарадорлигини таъминлаш учун ўқитувчилар ўз устида ишлашлари, мунтазам малака ва билимларини оширишлари, ёшларга доимо ўрнак ва намуна бўлишлари кераклиги, бунинг учун уларга қулай шарт-шароитлар яратилаётгани маълум қилинди.
Таълим ва тарбия уйғунлигини таъминлаш, тажрибали устозлар кўмагида тажриба мактаблари учун янги методология яратиш топшириғи берилди.
Якунда амалий ишлар таҳлилидан келиб чиқиб олдинда турган вазифалар белгилаб олинди.