Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида синов тариқасида Япония таълим тажрибасини татбиқ этиш учун Янги Яйпандаги 69-мактаб танлаб олинди
2023-08-09 15:00:01 205
Янги ўқув йилидан Фарғона вилояти бўйича ҳар бир шаҳар ва тумандан танлаб олинган биттадан мактабда синов тариқасида Япония таълим тажрибаси татбиқ этилиши белгиланган. Мазкур ташаббус дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, юртимиз умумтаълим мактабларида жорий қилиш бўйича Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг 2022 йил 5-11 декабрь кунлари Японияга амалий ташрифи доирасида Токио шаҳридаги Фужимигаока мактабида олиб борилган ўрганишлар ҳамда мулоқотлар натижасида, таълим ва тарбияни уйғун ҳолда олиб бориб, болаларни ҳаётга тайёрлашни асосий мақсад қилган Япония таълим тизимини вилоятимизда синов тариқасида жорий этишга қарор қилинганди.
Туманимизда кун чиқар мамлакатнинг таълим тажрибасини татбиқ этиш учун Янги Яйпан мавзесида жойлашган 69-умумтаълим мактаби танлаб олинди.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев мазкур таълим муассасасида бўлиб, мактаб биносининг бугунги ҳолати, моддий техник базаси ва иш фаолияти билан яна бир бор яқиндан танишди. Тизим мутасаддилари ва мактаб педагогик жамоаси билан учрашди.
Учрашувда ўтган ҳафтада Фарғона шаҳрида вилоят раҳбари ва унинг Япония таълим тажрибасини Фарғона вилоятида синов тариқасида тадбиқ этиш бўйича япониялик маслаҳатчиси Гото Микако иштирокида мазкур масалага бағишлаб ўтказилган йиғилишдан келиб чиқадиган вазифалар ҳамда уларнинг ижроси батафсил муҳокама қилинди.
Ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни шакллантириш бош ғояси бўлган Япония таълим тизими, юқори билим бериш билан бирга, тозаликка риоя қилишни ва соғлом турмуш тарзини болаликдан ўргатиш, ўқувчиларни ёшликдан касбий таълимга йўналтириш, меҳнат кўникмаларини шакллантириш каби жиҳатларни ҳам ўз ичига олгани билан эътиборлидир.
Мактабда Япония таълим тажрибасини татбиқ этиш учун зарурий шарт-шароитлар яратиш чоралари кўрилмоқда. Қайд этилишича, таълим муассасанинг бир нафар бошланғич синф ўқитувчиси ва ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари айни масалага бағишлаб вилоят марказида ташкилланган бир ҳафталик тақдимот ва маҳорат машғулотларида иштирок этиб қайтишган. Маҳорат машғулотлари вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Гото Микако бошчилигида ўтказилган.
Яқин кунларда эса мактабда педагогик жамоа ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида Япония таълим тажрибасининг хусусиятларини тушунтириб бериш учун амалий семинар ўтказилиши белгиланган.
2021 йилда қуриб битказилиб фойдаланишга топширилган 264 ўқувчи ўрнига эга икки қаватли ушбу мактабда айни кунларда жами 20 га яқин ўқув хоналари мавжуд бўлиб, бундан ташқари маъмурият хоналари, ахборот технологиялари хонаси, тўгарак хоналари, кимё, биология ва физика лабораториялари учун алоҳида хоналар ҳамда кутубхона фаолият юритади.
Яқинлашиб келаётган янги ўқув йилида таълим муассасасида 314 нафар ўқувчилар таҳсилни давом эттиришади. Улардан 21 нафари илк бор 1-синфга қабул қилинади.