Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Юртимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш устувор йўналишлардан бири
2023-05-29 11:52:38 180
Мамлакатимизда хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга, болалар орасида назоратсизликнинг ва улар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга, шунингдек ногиронлиги бўлган болаларни ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжуд.
Хусусан, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган, хотин-қизларни шилқимлик ва зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эмас, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (ўттиз кун) хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари етарли даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш имконини бермайди, алиментларни тўламаганлик учун жазо сифатида жарима солиниши янада кўпроқ молиявий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Бундан ташқари Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссиясининг, вояга етмаганлар ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) идоралараро комиссияларининг фаолияти ислоҳ этилиб, улар тегишинча Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туманлар (шаҳарлар) комиссиялари этиб қайта ташкил этилди. Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий соҳада ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини амалга оширишида қўллаб-қувватлаш масалаларини тартибга солувчи қонунчиликни халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришни назарда тутувчи, шунингдек болалар масалалари бўйича комиссиялар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб қўювчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Жиноят кодексининг 73-моддасига кўра махкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши мумкинлиги белгиланган бўлиб, қонунга киритилган ўзгартириш натижасида ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчининг номусига текканлик ёки унга нисбатан зўрлик ишлатиб, жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсни жинсий алоқада бўлиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда жинсий алоқа қилишга мажбур этганлик, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилганлик ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондирганлик ёки унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик, вояга етмаган шахс тавсифланган ёки тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирганлик, худди шунингдек уни тайёрлаганлик, тарқатганлик, реклама қилганлик, намойиш этганлик ёхуд вояга етмаган шахсни порнографик хусусиятга эга ҳаракатларнинг ижрочиси сифатида жалб этганлик, вояга етмаган шахсни жалб этган ҳолда қўшмачилик қилганлик, фоҳишахоналарни ташкил этганлик ёки сақлаганлик учун судланган шахслар ушбу имтиёздан махрум бўлди. Яъниким вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини бу каби жиноятлар билан поймол қилган шахслар суд томнидан белгиланган жазони тўшлиқ ўташга мажбур.
Шунингдек қонун билан хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарликка тотилиши белгиланди.
Амалга оширилаётган ислоҳот ҳамда қонунга киритилаётган ўзгартишлардан мақсад хотин-қизлар ва болаларга нисбатан шилқимлик ҳамда зўравонликнинг олдини олиш, оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, болалар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари билан боғлиқ халқаро индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга хизмат қилишдан иборатдир.
Ш.М.Мирзакиров
Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг раиси