Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси: Ўзбекистон тумани 50 миллиард сўмдан ортиқ маблағга эга бўлди
2023-05-02 20:01:35 151
“Ташаббусли бюджет” аҳолини бирлаштираётган майдон сифатида эътироф этилаётгани бежиз эмас. Эндиликда маҳалладаги муаммоларнинг бамаслаҳат, ҳамжиҳатлик ва ўз таклифларини тақдим этган ҳолда ечим топаётгани бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ташаббускорлик бор жойда эса йиллар давомидаги масалалар ижобий ҳал бўлиб, ҳудуд инфратузилмаси яхшиланаётгани қувонарлидир. Фарғона вилоятида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси юртдошларимизнинг фаоллиги билан ўтказилмоқда. Лойиҳанинг таклиф бериш босқичида вилоятдаги 1 минг 62 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг барчаси иштирок этиб, фуқаролардан 2 минг 450 та таклиф келиб тушди.
Овоз бериш жараёнлари якунларига асосан вилоятда 133 та 141,3 миллиард сўмлик лойиҳа таклифлари ғолиб, деб топилди. Шунингдек, 1-мавсумда иштирок этиб, ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган, лекин ғолиб деб топилмаган шаҳар ва туманлардаги 202 та 226,5 миллиард сўмлик лойиҳа ҳам амалга ошириладиган бўлди. Эътиборли жиҳати, овоз беришнинг вилоятдаги қамров даражаси 57 фоизни ташкил этди.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳа таклифларига овоз беришда Учкўприк, Бағдод ва Ўзбекистон туманлари аҳолиси тўлиқ иштирок этгани уларнинг ўз маҳалласига бефарқ эмаслигини кўрсата олди. Хусусан, Ўзбекистон туманида молиялаштириладиган ташаббуслар сони жами 43 тага етди, бу эса вилоятда энг юқори кўрсаткични ташкил этди. Жорий йилги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 1-мавсуми якунига кўра, 6 та энг кўп овоз тўплаган лойиҳалар ғолиб деб топилган. Ҳар бири 2 мингдан ортиқ овоз тўплаган тумандаги 37 та лойиҳага 43 миллиард 240 миллион сўм маблағ йўналтирилиши белгиланди. Умумий натижага кўра лойиҳанинг айни мавсум доирасида туман бўйича молиялаштириладиган ташаббусларни амалга ошириш учун бюджетдан 50 миллиард 440 миллион сўм маблағ ажратилади.
Хусусан, туман марказий шифохонаси қабул-диагностика бўлими учун қўшимча хоналар қурилади. Натижада эса шошилинч тиббий ёрдам тизими тўлиқ янги тажриба асосида ишлайди. Шу мақсадда жамоатчилик томонидан илгари сурилган таклиф 4 минг 28 та овоз тўплаб, ғолиб ташаббуслар қаторидан ўрин олди. Ташаббусни амалга ошириш учун эса бюджетдан 1 миллиард сўм маблағ сарфланади. Шунингдек, 16 та таълим муассасаларининг инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар ижобий ҳал этилади. Бунинг учун давлат бюджетидан 19 миллиард 200 миллион сўмга яқин маблағ йўналтирилади.
М.Сулаймонов,
ЎзА