Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 18,5 гектарли ўқув-тажриба майдонига эга бўлган касб-ҳунар мактабида пиллачилик соҳасида ҳам ўзига хос тажриба мактаби шаклланмоқда
2023-04-26 21:04:56 151
Ўзбекистон туманидаги касб-ҳунар мактабларида ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш мақсадида кенг кўламли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Айни жараёнда саноатнинг муҳим хомашёси – пилла ҳосили етиштиришда фаоллик кўрсатилаётгани эътиборга сазовордир.
Дўстларобод қўрғонида жойлашган 2-сон касб-ҳунар мактабида жорий мавсумда ўқув жараёнига ҳалақит бермаган ҳолда, бўш турган бинода 35 қути ипак қурти парваришланмоқда.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев бугун мазкур муассасада бўлиб, айни жараён билан яқиндан танишди.
1972 йилда ташкил топган касб-ҳунар муассасаси 2019 йилгача қишлоқ хўжалиги коллежи сифатида фаолият юритиб, ўша йили касб-ҳунар мактаби мақомини олган. 18,5 гектар ўқув-тажриба майдонига эга бўлган муассасада қишлоқ хўжалиги соҳасида том маънода ўзига хос тажриба мактаби яратилган.
Қайд этилишича, ўтган йили ҳам айни муассасада 20 қути ипак қурти боқилиб, баракали чилги ҳосил олинган ва муносиб фойда кўрилган.
“Бу йилги жараёнларга ҳам соҳанинг 10 нафар тажрибали мутахассислари жалб этилган. Ипак қурти озуқаси ён атрофдаги фермер хўжаликлари дала майдонларидан етказиб келинмоқда. Кейинги йилларда соҳага оид қатор фармон ва қарорларнинг имзоланиб, ҳаётга татбиқ қилинганлиги, касаначилар бир ой ипак қурти боқиб, бир йиллик меҳнат стажига эга бўлиши, етиштирилган хом пилла учун иш ҳақи тарози устида нақд пул шаклида тўлаб берилиши, субсидия ажратилиши каби имкониятлар, албатта бизни ҳам хурсанд қилиб, жараёндан четда қолмаслигимизга сабаб бўлмоқда”, дейди касб-ҳунар мактаби директори Камолахон Убайдуллаева.
Туман раҳбари мазкур эзгу ташаббус, пиллакорлар меҳнати албатта келгусида ҳам муносиб эътироф этилишини таъкидлаб, уларга янада муносиб шарт-шароитлар яратиб бериш юзасидан масъулларга кўрсатма берди ва ҳосилга барака тилади.