Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 59 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Ташаббусли бюджет самарасида Ўзбекистон туманидаги бир қатор мактабларда қўшимча янги ўқув бинолари ҳам қурилади

×

 2023-04-18 10:49:20    156

PDF yuklash
Chop etish


Жорий йилги “Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 1-мавсуми доирасида Ўзбекистон туманидаги 16 та таълим муассасаларининг инфратузилмаси билан боғлиқ муаммолар ижобий ҳал этилади. Бунинг учун давлат бюджетидан 19 млрд 200 миллион сўмга яқин маблағ йўналтирилади. 

Президентимиз қарори асосида қўшимча маблағ ажратиладиган ана шу таклифларнинг 12 таси умумтаълим мактабларига тегишли бўлиб, таълим даргоҳларида бажариладиган бунёдкорлик ишларига 14 млрд 390 миллион сўм маблағ сарфланади. 

Лойиҳа доирасида таълим масканларида жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари билан биргаликда қўшимча янги ўқув бинолари қурилиши ҳам кўзда тутилган. Хусусан, 15, 24, 35, 46, 52 ва 71-мактабларда синф хоналари етишмаслиги билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида 180 ўрингача қўшимча янги ўқув бинолари қурилади.

Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ана шу эзгу ташаббуслар амалга ошириладиган Хайдаробод қишлоғидаги 46-мактаб, Оқёзибободаги 71-мактаб ҳамда Қораёзбобо қишлоғидаги 15-умумтаълим мактабларида бўлиб, дастлабки лойиҳалаштириш режалари билан яқиндан танишди. 

Хайдарободдаги 46-умумтаълим мактаби 1977 йилда барпо этилган бўлиб, 210 ўринли ўқув биноларида айни кунларда 350 нафар ўқувчилар таҳсил олишмоқда. Ташаббусли бюджет доирасида 2 минг 400 тадан кўп овоз тўплаган таклиф асосида ажратиладиган 1,2 миллиард сўм маблағ эвазига таълим даргоҳида 180 ўринли янги ўқув биносини барпо этиш масаласи муҳокама қилинди.  

Оқёзибобо қишлоғидаги 71-мактаб эса 2020 йилгача 23-мактабнинг филиали сифатида фаолият кўрсатган бўлиб, икки йил аввал мустақил мактаб мақомини олган. Айни таълим масканида ҳам 120 ўринли ўқув биносида 185 нафар ўқувчи ёшлар 2 навбатда таҳсил олишмоқда. Мактаб учун қўшимча янги ўқув биносини қуриш бўйича билдирилган ташаббус 9 минг 600 тадан зиёд овоз тўплади. Ташаббусни амалга ошириш учун 1,2 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Қораёзбобо қишлоғидаги 15-мактабдаги мавжуд асосий ўқув биноси эса бундан қарийб 85 йил аввал қурилган. Кейинчалик, 2007 йилда 4 та синф хонасига эга бўлган 2 қаватли яна бир ўқув биноси, 2017 йилда эса спорт зал барпо этилиб, мактаб ўқувчилари учун фойдаланишга топширилган. Шундай бўлсада, айни кунларда жами 410 ўринли ўқув биноларига эга бўлган мазкур билим масканида ҳам 861 нафар ўқувчилар 68 нафар педагог-устозлардан сабоқ олишмоқда. Мактабнинг бугунги кундаги ўқувчилар сиғими 2 коэффицентдан ошиб кетган. Ташаббусли бюджет лойиҳаси эса айни муаммога ижобий ечим бўлди. Кўрсатилган ўзаро бирдамлик ва фаоллик натижасида илгари сурилган таклиф ҳам 4 минг 300 тадан ортиқ овоз тўплади.

Туман ҳокими ҳар уччала билим даргоҳида ҳам амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари режасини пухта ишлаб чиқиш, лойиҳалаштириш ишларида шошмашарликка йўл қўймаслик юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берди. Айниқса, бюджетдан ажратиладиган маблағлардан тўғри ва унумли фойдаланган ҳолда мактабларда қуриладиган янги ўқув биноларини 1 қаватли эмас, балки имкон қадар намунавий лойиҳалар асосида 2 қаватли этиб барпо этишга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

Таълим масканларига ташриф давомида туман раҳбари устоз мураббийлар ва ўқувчи ёшлар билан ҳам учрашди. Суҳбатларида мактаб таълимини тубдан яхшилаш ва унинг сифатини ошириш, муаллимларга муносиб шароит яратиш борасидаги ислоҳотларнинг самараси ҳамда ўқувчиларни олий таълим, касбга йўналтириш ҳақида сўз борди.