Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Расмий муносабат: Ўзбекистон туманида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинган шахс, туман ҳокимлиги ходими эмас
2023-04-17 22:18:07 132
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ходими туман қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун мўлжалланган заҳира ерларини сотишга уринаётган ҳолатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирида қўлга олинганлиги ҳақидаги хабарлар эълон қилинди.
Мазкур ҳолатда ушбу шахс туман қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун мўлжалланган заҳира ерлардан 3 гектарини очиқ электрон платформаси орқали ютиб бериш эвазига тадбирга жалб қилинган “махсус харидор”дан 4000 (тўрт минг) АҚШ доллари миқдордаги пулларни олаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан қўлга олиниб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилгани маълум қилинган.
Туман ҳокимлиги, мазкур шахс туман ҳокимлигида эмас, балки тўғридан тўғри вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бўйсунувидаги туман қишлоқ хўжалиги бўлимида хўжалик ҳисобидаги ер тузувчи мутахассис вазифасида фаолият кўрсатиб келганлигини, айни бўлим эса тасдиқланган ташкилий тузилмаси (структура) бўйича ҳокимлик таркибида эмаслигини маълум қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сон Фармони билан, туман ҳокимликларининг ер билан боғлиқ барча ваколатлари тугатилганлиги билдирилади.