Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Янги Конституцияга эътибор
2023-03-24 20:53:52 136
Конституциямизда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича янги кафолатлар белгиланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат” эканлиги ҳамда ушбу қоидаларни ўзгартириш мумкин эмаслиги белгиланмоқда.
Шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб туриш мумкинмаслиги, ушлаб туриш чоғида унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари унга тушунтирилиши кераклиги (“Миранда қоидалари”), айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи кафолатланмоқда.
Янги ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суд қарорига асосан чекланиши мумкин.
Инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир ҳамда ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда.
Конституцияда давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиши ва бошланғич профессионал таълим бепул эканлиги ҳам белгиланмоқда. Конституцияда ёшлар масаласи алоҳида боб даражасига олиб чиқилиши Янги Ўзбекистонда ёшлар сиёсати устувор эканлигига яққол ишора ҳисобланади.
Мулк дахлсизлиги ва у билан боғлиқ ҳуқуқларнинг таъминланиши давлат томонидан кафолатланиши, мулкий ҳуқуқларни чеклаш фақат суд қарори асосида бўлиши мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, янги Конституцияга кўра давлат атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чораларни амалга оширади, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратади.
Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлиги, уларнинг ахборотни излаш, олиш, ундан фойдаланиш ва уни тарқатишга бўлган ҳуқуқлари кафолатланмоқда.
Конституциямизга илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Шухрат Мирзакиров
Жиноят ишлари бўйича Ўзбекистон туман судининг раиси