Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 12 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Янгиланаётган Конституция – юртимиз ва халқимизнинг фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади

×

 2023-03-24 08:54:29    92

PDF yuklash
Chop etish


Маълумки, сўнгги йилларда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар бўлмоқда. Хусусан, парламентаризм ва суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам демократик ўзгаришлар амалга оширилди. Халқимизнинг қарашлари ўзгариб, ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти ошиб бормоқда, давлат органлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилиб, очиқ фуқаролик жамияти сари илдам қадамлар ташланмоқда.

Бевосита халқимизнинг таклифлари асосида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси тайёрланди.

Хабарингиз бор, бевосита халқимиз, жамоатчилигимиз, депутатларимиз таклифлари асосида Конституциявий қонун лойиҳаси устида қизғин иш олиб борилди.

Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан 220 мингдан зиёд таклифлар келиб тушганлигини ўзи ҳам конституциявий ислоҳотлардан халқимиз катта ўзгаришлар кутаётганлигидан далолат бермоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, таклифларда фуқаролар инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, таълим ва илм-фан соҳаларини тараққий эттириш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларини аниқлаштириш билан боғлиқ масалаларга устувор аҳамият қаратганлар.

Конституциявий қонун лойиҳаси масъул қўмиталар томонидан эксперт, мутахассис, олим ва сиёсатчилар иштирокида қайта таҳрир қилиш ҳамда такомилга етказиш мақсадида 12 маротаба моддама-модда ўқишдан ўтказилди. Умумхалқ муҳокамаси давомида қарийб 40 маротаба масъул қўмиталарнинг мажлислари ўтказилди.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, 2022 йил 24 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида сиёсий партиялар фракциялари томонидан Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатларини аниқлаштириш, ижтимоий давлат принципларини рўёбга чиқаришнинг конституциявий механизмларини янада кучайтириш ҳақида илгари сурилган қатор таклифлар ҳам Янгиланаётган Конституциямиз матнида акс эттирилди.

Тайёрланган Конституциявий қонун лойиҳаси билан амалдаги Конституциямизнинг моддалари 128 тадан 155 тага, унинг нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпаймоқда, яъни Конституциямиз қарийб 65 фоизга янгиланмоқда. Амалдаги 128 та моддадан 91 тасига концептуал ўзгартиришлар киритилмоқда. Натижада Конституциямиз ҳам мазмунан, ҳам шаклан мутлақо янгиланмоқда.

Энди бевосита Конституцияга киритилаётан концептуал ўзгартишларга тўхталадиган бўлсак, янгиланаётган Конституциямиз илгари амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойилини “инсон – жамият – давлат” деб ўзгартириш, яъни энг аввало инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйишни мақсад қилган. Бунда қўйидагиларни эътироф этиш лозим:

биринчидан, Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинмоқда. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларига оид нормалар қарийб уч бараварга ортмоқда. Жумладан, фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифалари уй-жой билан таъминланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсонга муносиб яшашини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда белгиланиши, фуқароларнинг тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини давлат ҳисобидан олишга ҳақлилиги ва бошқалар белгиланмоқда. Бошқача айтганда, ижтимоий давлатга хос бўлган барча элементлар Конституциямизда акс эттирилмоқда.

иккинчидан, ижтимоий давлатга хос ёндашув таълим соҳаси бўйича ҳам кўпгина модда ва нормаларда ўз ифодасини топмоқда.

Хусусан, ёшларнинг олийгоҳларда давлат ҳисобидан грант асосида ўқиш ҳуқуқи Конституцияда белгиланмоқда. Яъни, бу билан иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олиш имконияти кафолатланмоқда. Бу олий таълимда ҳамиша давлат гранти учун квоталар ажратилади ва ушбу тартиб ҳеч қачон бекор бўлмайди дегани.

Шу билан бирга, ногиронлиги бор болаларга ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитлар яратиш, яъни инклюзив таълим тизимини ривожлантириш бўйича давлат ўзига мажбурият олмоқда.

учинчидан, “инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир” деган норма белгиланмоқда. Ушбу мақсадга эришиш учун, лойиҳада қуйидагилар назарда тутилмоқда: 1) инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир; 2) давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

Айбсизлик презумпцияси янада кучайтирилмоқда! Жумладан, Конституциямизнинг амалдаги 26-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги белгиланган бўлса, эндиликда суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланмоқда.

Давлатнинг хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаши назарда тутилмоқда.

тўртинчидан, “Хабеас корпус” институти кўламини янада кенгайтириш мақсадида шахсни 48 соатдан ортиқ суднинг қарорисиз ушлаб туриш мумкин эмаслиги, телефон сўзлашувларини эшитишга ва тинтув ўтказишга фақат суд рухсат берсагина амалга оширилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

бешинчидан, Конституция лойиҳасида 18 миллиондан ортиқ ёшларимиз масалаларига ҳам эътибор берилиб, уларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти эканлиги белгиланмоқда. Эътибор қилинг! Бош қомусимизда ёшлар учун алоҳида боб ажратилмоқда.

Ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга етгунига қадар нафақат боқиш ва тарбиялаш, балки уларнинг таълим олиши, соғлом, тўлақонли
ва ҳар томонлама камол топиши учун ҳам ғамхўрлик қилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, ёшларни ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш давлатнинг мажбурияти сифатида белгиланмоқда. Бу эса ёш авлод ҳаётини яхшилаш, улар орзу-интилишларини рўёбга чиқариш ва ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун улкан имконият яратади.

ўнинчидан, одил судловга эришиш даражасини ошириш ва судьялар мустақиллигини таъминлашга қаратилган қоидалар киритилмоқда. Жумладан:

ҳеч қайси бошқа орган ёки шахс суд ҳокимиятининг ваколатини ўзлаштира олмаслигини инобатга олиб, “одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилиши” конституциявий мустаҳкамланмоқда;

судьянинг бошқа органлар ва шахслардан холи бўлишини таъминлаш мақсадида судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги қатъий ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлмаслиги белгиланмоқда;

суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судлар фаолиятини молиялаштириш фақат давлат бюджетидан амалга оширилиши кафолатловчи янги модда киритилмоқда.

Қонунчилик палатасининг 2022 йил 24 июндаги қарорида белгилаганидек, Конституциявий қонун лойиҳасини фуқароларнинг умумхалқ овозига, яъни референдумга қўйилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Бинобарин, халқимиз таклифи асосида тайёрланган Конституциявий қонунни қабул қилиш масаласини ҳам халқимизнинг ўзи ҳал қилиши керак!

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, юртимизнинг ҳар бир фуқаросига халқимиз тақдири ва эртанги кунини белгилаб берадиган тарихий ҳужжат лойиҳасига бефарқ бўлмай ўз ҳиссасини қўшаётганлиги учун чуқур миннатдорчилик билдириб қоламиз.

Фозилжон Хатамкулов

Фуқаролик ишлари бўйича

Ўзбекистон туманлараро судининг судьяси