Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Қайқуободда қарийб 2 минг метр ичимлик суви тармоғи тортилмоқда
2023-02-28 20:57:42 122
Ўзбекистон туманидаги қишлоқ ва маҳаллаларда инфратузилма билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш, ижтимоий соҳа ва бошқа инфратузилма объектларини яхшилашга қаратилган манзилли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудларда Президентимиз ва ҳукумат қарорлари, давлат ҳамда маҳаллий дастурлар асосида аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қиладиган лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.
Ана шундай лойиҳалардан бири 2390 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Қайқуобод маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 25 октябрдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ маҳаллада 1950 метр ичимлик суви тармоғи тортилмоқда.
Қайд этилишича, қўшни Мевазор МФЙ ҳудудидаги сув тарқатиш иншоотидан тортиб келинаётган янги тармоқ, қишлоқнинг “Нурли қўрғон” кўчасидаги мавжуд ичимлик суви ҳовузига уланиши ва обиҳаётнинг шу ердан тарқатилиши қайқуободликларнинг айни шу масаладаги кўп йиллик муаммоларига ечим бўлади. Яъни, мазкур эзгу ташаббус натижасида маҳалладаги 470 га яқин хонадоннинг тоза ичимлик таъминоти яхшиланади.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев бугун ушбу манзилда бўлиб, қизғин давом этаётган жараённи кўздан кечирди. Фуқаролар йиғини масъуллари, пудратчи ташкилот вакиллари ҳамда аҳоли вакиллари билан суҳбатда мазкур лойиҳанинг аҳамияти ва маҳалла инфратузилмасини янада яхшилаш борасидаги бошқа вазифалар ҳақида ҳам сўз борди. Туман раҳбари қурилиш соҳаси масъулларига белгиланган вазифаларни ўз муддатида ва сифатли бажариш юзасидан кўрсатмалар бериш билан биргаликда, жараён давомида маҳалла фаолларининг мунтазам жамоатчилик назоратини амалга ошириш тавсиясини ҳам алоҳида қайд этиб ўтди.