Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 39 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

Аномал совуқдан чорва моллари ва қишлоқ хўжалиги экинларини қандай асраш мумкин?

×

 2023-01-10 10:32:23    160

PDF yuklash
Chop etish


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги 10−15 январь кунлари кузатиладиган аномал совуқда чорва моллари ва хўжалик экинларини қандай асраш бўйича тавсиялар берди. Хусусан, экин майдонлари устини плёнка қопламалари билан қоплаш кераклиги келтириб ўтилди.

Ўзбекистонда 10−15 январь кунлари аномал совуқ кузатилиши, ҳаво ҳарорати кечалари -12−17 даража, шимолда тунда -17−22 даража, Устюрт ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида эса -25−27 даража совуқ бўлиши кутиляпти. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги об-ҳавонинг бундай шароитида хўжалик экинлари ва чорва молларини қандай асраш кераклиги юзасидан тавсиялар берди.

2023 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинлари совуқдан зарарланмаслиги учун қуйидаги чора-тадбирлар кўрилиши керак:

➖ кеч экилган, айниқса, айрим 1−2 барг ҳолатида бўлган ғалла майдонларига чириган маҳаллий ўғит (гўнг) сепиш;

➖ ғўза қатор ораларига экилиб, ҳозирги кунгача ғўзапоялардан тозаланмаган майдонларда ғўзапоядан тозалаш ишларини совуқ кунлар тугагунга қадар тўхтатиш;

➖ электр энергия чекловлари бўлишини инобатга олиб, насос агрегатлари ва лоток тармоқлари музлаб ёрилишининг олдини олиш учун улардан фойдаланишни вақтинча тўхтатиш;

➖ совуқ таъсирида ғаллага зарар етиши кузатилган ҳолатларни бартараф этиш бўйича қишлоқ хўжалиги мутасаддилари ва олимлар иштирокида штаблар ташкил этиш.

Сабзавотчилик ва полиз экинлари

Ҳозирда республика дала майдонларида асосан август-сентябрь пиёзлари ва саримсоқпиёзлар экилган. Ушбу сабзавот экинларини кескин совуқдан асраш учун қуйидаги тавсияларни қўллаш лозим:

➖ экин майдонлари устини плёнка қопламалари билан оддий ёки дуга усулда қоплаш;

➖ маҳаллий чириган гўнг, шоли қипиғи ва апилка билан мўлчалаш;

➖ сомон ёки майин хашаклар билан ўсимлик устини ёпиб чиқиш.

Шу билан бирга, сабзавотлар экилган дала майдонини шамол оқимига қараб олов ёқиб тутатиш ҳам фойда беради.

Тўқсонбости усулида экилган сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги; кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич, салат) экинлари уруғлари ҳали ердан униб чиқмаган ва уларнинг совуқдан зарарланиш эҳтимоли жуда паст даражада.

Иссиқхоналарда помидор ва бодринг етиштиришда иншоотдаги ҳаво ҳарорати ўсимликлар учун мос бўлиши лозим. Иссиқхонада етиштирилаётган бодринг ҳарорат 0 даражага тушиб кетганда нобуд бўлади. Помидорнинг эса +7 даража ҳароратда илдиз тизими, -1−2 даража совуқда эса ўсимликнинг ўзи нобуд бўлади. Иссиқхоналарда исириқ ва бошқа тутатиш (похол ёки эскирган техник баллонларни ёқиб тутатиш натижасида ҳам 2−3 даража иссиқлик бериш ва ушлаб туриш мумкин.

Жанубий минтақаларда сабзавот экинларини кескин совуқдан ҳимоялаш бўйича тавсиялар:

➖ иситилмайдиган кўчатхоналарда етиштирилаётган сабзавот ва полиз экинлари кўчатларини совуқдан асрашнинг муҳим тадбирларидан бири дугалар ўрнатиш, устини полиэтилен плёнкаси билан ёпиш, вақтинчалик иситиш мосламаларидан фойдаланиш ҳамда атрофига гўнг аралаш хашак, похол ва шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш;

➖ иссиқсевар сабзавот экинларидан помидор, ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини иссиқхонада тайёрлашни ҳамда бодринг ва полиз экинлари уруғларини экишни вақтинчалик тўхтатиб туриш;

➖ ҳар бир далада ҳаво ҳароратини кузатиб, -1 даражага тушиши билан уюмларни тутатиш;

➖ совуқ тушишининг энг фаол вақти бу тонгги соат 3−5 оралиғида бўлиб, айнан шу вақтда ўсимлик совуқдан зарарланади, шу боис ҳушёрликни ошириш талаб этилади;

Cовуққа чидамли сабзи, пиёз, саримсоқпиёз, ош лавлаги, карам ва кўкат сабзавотлар каби экинларга -2−3 даража совуқ сезиларли таъсир этмайди.

Мевали боғ ва узумзорлар

Мевали боғ ва узумзорларда қуйидаги агротехник тадбирларни амалга ошириш орқали уларни совуқ уришидан ҳимоялаш мумкин:

➖ мевали боғ ва токзорларнинг қатор ораларидан суғориш ариқлари олиб, суғориш, яъни яхоб суви бериш лозим. Совуқ вақтида боғ ва токзорларни қондириб суғориш натижасида сув ҳарорати ҳаво ҳароратидан юқори бўлгани учун сув буғлари ер ва дарахтлар ҳароратининг пасайишига йўл қўймайди;

➖ уруғли мева боғларда шакл бериш ва кесиш тадбирларини совуқ ҳароратлар ўтгунга қадар вақтинча тўхтатиш;

➖ кўмилмай қолган ток туплари, анор ва анжир буталарини совуқдан сақлаш учун зудлик билан хашаклар ва шоли поялар билан ёпиш ёки тупроқ билан кўмиш;

➖ хурмо дарахтлари таналарини ва шох-шаббаларини хашак, қуруқ макка ва шоли поялари ҳамда бошқа нарсалар билан ўраш;

➖ иссиқхоналарда етиштирилаётган цитрус ва қулупнай ўсимликларини ҳимоя қилиш учун плёнка остидан яна бир қават юпқа плёнка тортиш (термос қилиш) ва иссиқхона устидаги қорларни туширмаслик зарур;

➖ мевали боғ ва узумзорлар қатор ораларига маҳаллий ўғит аралаш хашак, похол, шох-шаббалар уюмларини тўплаб, уларни тутатиш (мевали боғ ва узумзорларга бир текисда эни 1,25−1,5 м ҳамда баландлиги 0,5−0,75 м дан тўп-тўп қилиб уйиб қўйиш);

➖ дарахтларнинг ёши ва қалин сийраклигига қараб ҳар бир гектар майдонга 100−200 та уюм ҳосил қилиш керак. Тутун боғ ичига яхши ёйилиши учун уюмларни мевали боғ ва узумзорларнинг шамол эсадиган томонига қўйиш ҳамда ҳаво ҳароратини кузатиб бориш.

Чорвачилик

Чорва ҳайвонлари сақланадиган биноларнинг мақбул ҳарорати +7 дан +17 даражагача ва майда шохли қорамоллар учун +10 дан +12 даражагача бўлиши талаб этилади (ёш қорамоллар учун бу кўрсаткичлар бироз юқори бўлиши керак). Чорва молларини кескин совуқдан асраш учун:

➖ чорва ҳайвонларини ширали озуқалар билан озиқлантириш ва сув билан суғоришни ёпиқ биноларнинг ичида ташкил этиш;

➖ етук ёшдаги чорва ҳайвонларининг +10+12 даража ва ёш молларнинг +16+30 даража ҳароратдаги сув билан суғорилиши мақсадга мувофиқ. Бир кунда етук ёшдаги қорамолларга ўртача 60−100 литр, ёш қорамолларга 20−30 литр, майда шохли қорамолларга 5−10 литр сув ичириш керак;

➖ хўжалик ҳудудларини тўлиқ ўраш ва унинг ҳудудига ёввойи ҳайвонлар киришининг олдини олиш;

➖ турли турдаги чорва ҳайвонларини битта бинода сақламаслик керак;

➖ чорва биноларида табиий ва махсус вентиляция тизими бўлиши талаб этилади.