Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“ҲУДУДИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ” АЖ СОВУҚ КУНЛАРИ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИДАН ФОЙДАЛАНИШДА АЙРИМ ТАВСИЯЛАРНИ ЭСЛАТИБ ЎТДИ
2023-01-10 10:29:52 130
Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, бугундан бошлаб мамлакатимизга Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланади. Бундай аномал об-ҳаво шароитида албатта, энергия ресурслари, хусусан электр энергиясига бўлган талаб одатдагидан бирмунча ортади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, айни кунларда республикамиз бўйлаб умумий электр энергия истеъмоли кунлик ўртача 220 млн. кВт соатни ташкил этиши кутилмоқда. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12 млн. кВт.соатга ёки 7 фоизга кўпдир.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги хабарига кўра, энерготизимда содир бўлиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш, барча истеъмолчиларни бир маромда электр энергияси билан таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тасдиқланган графикларга асосан қисқа муддатли чекловлар киритилиши режалаштирилмоқда.
Ўз навбатида, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ кутилаётган совуқ кунларда электр энергияси меъёридан кўп истеъмол қилиниши натижасида паст кучланишли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларига тушаётган юкламаларни камайтириш ҳамда авариявий ҳолатларни олдини олиш мақсадида қуйидаги тавсияларга амал қилиш мақсадга мувофиқлигини эслатиб ўтади:
- хонадонгизда ёки иш жойингизда самарасиз ишлаб турган электр жиҳозларни тармоқдан ажратиб қўйинг;
- кутиш режимида қолдирилган ҳар қандай электр жиҳози, кам бўлсада, электр энергияси сарфлашини унутмаган ҳолда, маиший техникаларни улардан фойдаланиб бўлингач тармоқдан ажратиб қўйинг;
- замонавий лед лампалардан фойдаланишнинг чораларини кўринг;
- совуқ кунларда сиз фойдаланаётган электр иситиш печларининг созлигига эътибор беринг. Носоз печларни яхшиси ишлатманг. Иситиш печларини тармоққа улагач эса уларни назоратсиз қолдирманг. Юклама натижасида симлар куйиши ва фавқулодда ҳолатлар келиб чиқиши мумкинлигини ёдда тутинг;
- иситиш печлари ҳамда кондиционерлардан кун давомида эмас, балки вақти-вақти билан фойдаланиш электр тармоқларига тушадиган юкламаларни сезиларли равишда камайтиришга хизмат қилишини унутманг;
- кучли шамол натижасида узилиб кетган электр симлари ва бошқа носоз электр қурилмалар ҳақида туман электр таъминоти корхоналари алоқа рақамлари ҳамда Жамиятнинг 1154 қисқа рақамли Cалл-марказига хабар беринг.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан, ўз навбатида, тизим барқарорлигини сақлаш, истеъмолчиларга электр энергия етказиб бериш узлуксизлиги ҳамда электр қурилмалар созлигини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, электр тармоқларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш учун ҳудудларда туну кун ишлайдиган 956 та авариявий бригадалар ташкил этилиб, уларга 335 та махсус техника ва 760 та автотранспорт бириктирилганлигини қайд этиш жоиз.
Бундан ташқари, 538 та трансформатор, 319,3 тонна трансформатор мойи, 1 983 та таянч устун, 38,5 тонна сим, 73,4 км кабел, 3 056 дан ортиқ муфта ва бошқа зарур электр жиҳозларидан иборат авариявий захира манбаи яратилган.
Электр энергия таъминоти билан боғлиқ ҳар қандай муаммоли вазиятда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг туну кун фаолияти йўлга қўйилган 1154 қисқа рақамига қўнғироқ қилишингиз ёки “Hududiy elektr tarmoqlari” AJ bilan muloqot” (https://t.me/hetmuloqot) каналининг администратори @HET_admin га ўз мурожаатингизни йўллашингиз мумкинлигини эслатиб ўтмоқчимиз.