Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
КОНСТИТУЦИЯ ВА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ
2022-11-29 15:19:38 164
Қонун устуворлиги халқ ҳокимияти ва инсон ҳуқуқлари тушунчалари билан бевосита боғлиқ принципдир. Чунки халқ ҳокимияти деганда фуқароларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнида бевосита ёки билвосита иштирок этиш ҳуқуқи тушунилади. Шу маънода халқ иродасининг ифодаси бўлган, фуқароларнинг парламентга сайлаб қўйган вакиллари орқали ёки ўзлари томонидан бевосита референдум орқали қабул қилинган қонунлар халқ ҳокимиятчилигининг натижаси, мажозий қилиб айтганда, меваси ҳисобланади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар воситасида ҳаётга жорий этилади, аслида қонунларнинг пировард мақсади ҳам инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдан иборатдир.
Халқаро ҳужжатларда қонун устуворлигининг асосий элементлари сифатида қонун ижодкорлигини шаффоф, ҳисобдорлик ва демократик жараённи қамраб олган қонунийликка асосланиши; ҳуқуқий аниқлиқ; ўзбошимчаликнинг тақиқланганлиги; мустақил ва холис одил судловнинг очиқлиги; шунингдек маъмурий ҳужжатлар устидан суд назоратининг ўрнатилганлиги; инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва камситмаслик ҳамда қонун олдида тенглик ҳисобланади.
Қонунчилигимизда ҳуқуқий экспертиза, қонун ҳужжатларини таъсирини баҳолаш тизими, мониторинг, идоравий ҳужжатларни рўйхатдан ўтказиш каби ҳуқуқий воситалар ҳам белгиланган бўлиб, булар ҳам қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим элементларини ташкил этади.
Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомнинг 7-бандида қонун устуворлигини таъминлашга йўналтирилган жамият ва давлат қурилиши соҳасида норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини изчил амалга ошириш вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилган.
Қонун устуворлигини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар 2017 йил 7 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4947-сонли Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида муҳим масалалардан бири сифатида кўрсатиб ўтилган.
Қонун устуворлиги шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини монеъликсиз амалга ошириш, ўз ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари қонунан кафолатланганлиги туфайли тинч, осойишта, хотиржам, ҳеч қандай ташқи таъсирлардан, зўравонлик ва ўзбошимчаликдан қўрқмай яшаш имкониятини беради.
Қонун устуворлиги шунингдек шахсга унинг учун мажбурий бўлган мазкур ҳужжатларни қабул қилиш жараёнида унинг ўзи ёки сайлаб қўйган вакиллари орқали иштирок этиш, давлат бошқарувига таъсир ўтказиш, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини таъминлайди.
Агар жамиятда қонун устуворлиги таъминланмаса одамларда нафақат бугунги, балки эртанги кунига ҳам ишонч йўқолади, адолат, тенглик, эркинликка риоя қилинмайди. Қонун устуворлиги таъминланмаган жамиятда иқтисод ҳам ривожланмайди, иқтисодий ислоҳотлар ҳам самара бермайди. Чунки ҳеч ким қонун ишламаган жойга ўз мулкини, самоясини киритишни ҳохламайди.
Қонун устувор бўлган давлатда эркинлик, адолат, тенглик кафолатланади, ҳокимиятнинг шахсга таъсири чегараланади, инсон ҳуқуқлари ҳимояланади, мулк ҳуқуқига риоя қилинади, одил судлов мустақил бўлиб, самарали амалга оширилади.
Шунинг учун ҳам турли халқаро ташкилотлар, тадқиқот марказлари томонидан тузиладиган рейтингларда қонун устуворлигига алоҳида эътибор қаратилади. Жумаладан The World Justice Project халқаро ноҳукумат ташкилоти дунё бўйича ҳар йили махсус “Қонун устуворлиги индекси юритади. “Трансформация индекси”, “Бертельсман халқаро фонди”, Жаҳон банки томонидан юритиладиган Давлат бошқаруви сифати индексларида қонун устуворлиги фаровонликни таъминловчи кўрсаткичлардан бири сифатида қайд этилади.
Қонун устуворлигини таъминлашда ташкил этилаётган маъмурий судлар, қабул қилиниши режалаштирилаётган маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунлар ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, қонун устуворлиги жамиятда эркинлик, адолат, тенглик кафолатланишини, инсон ҳуқуқлари ҳимояланишини, мамлакат иқтисоди барқарор ўсиши учун тадбиркорларда, чет эллик инвесторларда мустаҳкам ишончни шаклланишининг мустаҳкам гаровидир.
Б.Турғунов
Ўзбекистон туман адлия бўлими
Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошюристконсульти