Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ БУГУНГИ ЗАРУРИЯТИ
2022-11-28 14:50:59 136
Бугунги шиддатли, тезкор ўзгарувчан замонда ижтимоий муносабатларнинг турли кўринишлари юзага келиши, уларнинг давлат ва жамият ҳаётида ўзининг салбий ёки ижобий кўринишларига эга бўлиши табиий. Хозирда жахонда кечаётган глобаллашув жараёнларида давлат ва жамият ҳаётида ўзининг муҳим ўрни ва аҳамиятига эга бўлган қонун нормаларини, уларнинг сифати ва самарадорлигини ошириш борасида зарурий ислоҳотларни амалга ошириш катта аҳамият касб этади.
Бу ўринда давлатнинг бош қонуни хисобланган Конституцияга замон билан ҳамнафас тарзда ўзгартириш, қўшимчалар киритиш зарурияти амалга оширилиши лозим бўлган энг муҳим вазифа сифатида намоён бўлади. Таъкидлаш керакки, конституциявий ислоҳотларнинг самарадорлигига қараб ҳар бир давлатнинг ҳаёти ва ривожланиш жараёнларида ўз аксини топади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда конституциявий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар авваламбор амалдаги қонунчилик асосларини дунё миқёсида содир бўлаётган ўзгаришларга, замон талабларига мослаштиришни талаб этмоқда. Чунки, сўнгги ўн йилликларда қайси мамлакатларда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган бўлса – шу давлатларда қонун устуворлиги таъминлангани, жамиятда жамоат назорати кучайгани, ижтимоий адолат тамойиллари самара бергани ҳамда бизнес субъектлари учун иқтисодий эркинлик шароитлари кафолатланганини кўриш мумкин.
Мамлакатимизда кузатилаётган ўзгаришлар, глобаллашув жараёнлари тезлашиши амалдаги конституцияга ўзгартиришлар киритиш лозимлигини ҳаётий заруриятга айлантирди. Чунки 2017-2021 йиллар мобайнида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа йўналишларда кенг кўламли ишларни амалга ошириш жараёнида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда амалдаги қонунчилигимизда бир қанча бўшлиқлар мавжудлиги амалиётда ўз аксини топди.
Мазкур бўшлиқларни тўлдириш, қонунчилигимизни такомиллаштириш орқалигина мамлакатнинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш мумкин. Айниқса, Тараққиёт стратегиясида белгиланган ва мантиқий кетма-кетликда амалга оширилаётган ишлар биринчи навбатда инсон қадрини улуғлашга қаратилгани, инсон манфаатларига тўлиқ жавоб бериш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳимоя қилиш нуқтайи назардан амалдаги Конституцияга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш эҳтиёжини юзага келтирмоқда. Чунки, бу ердаги энг асосий муаммолардан бири – аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқлигидир.
Бунинг асосий сабабларидан бири – дунёда кечаётган глобал муаммолар кўлами, тури ва уни келтириб чиқараётган салбий оқибатлари кенгайиб бораётгани ҳисобланади. Буларга ер юзининг турли бурчакларида бўлаётган урушлар, террорчилик ҳаракатлари, экологик инқирозлар, очарчилик, қашшоқлик, аҳоли сони ўсиши, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика тақчиллиги, турли юқумли касалликлар кўпайиши каби муаммоларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Санаб ўтилган муаммоларнинг кенгайиши аҳолининг ижтимоий ҳолати ёмонлашуви ҳамда камбағаллик кўпайишига олиб келади. Ҳозирги кунда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш биринчи навбатда аҳолини ижтимоий ва моддий жиҳатдан муҳофаза қилишни таъминлайдиган, иккинчидан, уларнинг ёши, саломатлиги, ижтимоий аҳволи, тирикчилик воситалари билан етарли даражада таъминлайдиган чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини заруриятга айлантирмоқда.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар қаторига кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, якка-ёлғиз кексалар, доимий ишсиз фуқаролар, карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар, оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтариб келинган фуқароларни киритиш мумкин.
Ўзбекистонда ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолини давлат томонидан ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.
Хусусан, сўнгги йилларда юртимизда эътиборга муҳтож аҳолимиз қатламига ғамхўрлик кўрсатиш бўйича янги тизим ва механизмлар жорий этилди. Ушбу тизимга мувофиқ, Меҳрибонлик уйларидаги кўп сонли болалар оилалар тарбиясига олинди, Оилавий меҳрибонлик уйи ташкил қилиниб уларни ота-она бағрида вояга етиши учун шароит яратилди.
Ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш кўлами ҳам кенгайтирилиб, ушбу саъй-ҳаракатлар негизида аҳолининг дардига дармон бўлиш, келажакка бўлган умидини янада ошириш, улар ёлғиз эмасликларини яна бир бор амалда кўрсатиб қўйиш ҳисобланади.
Ҳозирги шароитдан келиб чиқиб, конституциянинг тегишли моддаларига аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, ишга жойлаштириш, жумладан имконияти чекланган шахсларни давлат ҳисобидан ҳимоялаш, уларни замонавий касб-ҳунарларга бепул ўқитиш мажбуриятларини давлат зиммасига юклаш борасидаги нормаларни киритиш келажакда мамлакатимиз ижтимоий давлат сифатида шаклланишига ёрдам беради.
А.Эргашев
Ўзбекистон туман адлия бўлими Юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи