Shrift o'lchami Rang Rasm

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Yangiliklarga obuna bo'lish


Hozir saytda 34 nafar foydalanuvchi Ishonch telefoni statistikasi

ЕРДАН ҚОНУНИЙ ВА САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИШ – ДАВР ТАЛАБИ

×

 2022-11-25 16:03:31    171

PDF yuklash
Chop etish


Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва соҳага бозор механизмларини жорий этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатига экспорт қилинмоқда. Бунда, мева-сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми 2016 йилдан 2021 йилга қадар қарийб 2 баробарга ошган.

Шу билан бирга, пахта ва ғалладан қисқартирилаётган ер майдонларида боғдорчилик, узумчилик, полиз ва сабзавотчилик, дуккакли ва мойли экинларни етиштириш соҳасида экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экишни кўпайтириш, шунингдек, аҳолининг кенг қатламларини жалб қилиш орқали ушбу ерлардан самарали фойдаланиш тизимини яратиш эвазига тармоқда қўшимча ўсишга эришишда илмий асосланган ёндашув ва ўрганишларни инобатга олиш тақозо этилмоқда.

Жумладан, ҳисоб-китобларга кўра 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хом ашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 5 баравар кўп даромад олиш ҳамда ушбу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият мавжуд.

Ер даромад манбаи. Ундан самарали фойдаланиш ва даромад олиш ҳар бир фуқаронинг пировард мақсади ҳисобланади.

Аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳолига аграр тармоқда ўз бизнесини ташкил этишга кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш ва қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш орқали озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2021 йилнинг 23 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-20-сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур қарор ижроси юзасидан вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда фуқароларга қарор асосида фойдаланиш ва даромад манбаига эга бўлишлари учун ер майдонлари ажратиб берилмоқда.

Бироқ, ердан унумли ва самарали фойдаланиш баробарида унинг ҳуқуқий ва қонуний тартиб ва тамойиллари борки, бу тартиб ва қоидаларга риоя этиш ҳам биздан катта масъулият талаб этади.

Ушбу қарорда Фарғона вилоятида 2022-2025 йиллар мобайнида 12 160 гектар, жумладан 2022 йилда 4 863 гектар ер майдонлари фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамда очиқ электрон танлов орқали ижара ҳуқуқи асосида берилиши белгиланди. Шунингдек, Олтиариқ туманида 350 гектар, Фарғона туманида 321, Қўштепа туманида 346, Қува туманида 341 гектар ер майдонлари ижарага берилиши режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалиги мақсадлари, шу жумладан деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича материалларни тўплаш, кўриб чиқиш, уларни ваколатли органлар ва ташкилотлар билан келишиш «E-IJARA» ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Деҳқон хўжалиги юритиш учун ер участкаларини очиқ электрон танлов орқали ижарага беришда ўз томорқасида мева-сабзавотчилик, полиз маҳсулотларини етиштириш ва узумчиликда яхши натижаларга эришган, ушбу соҳалардан бирида таянч мутахассисликка эга бўлган фуқароларга, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларга ҳамда 2022 йил 1 март санасидан кейин хориждан қайтиб келган меҳнат мигрантларига алоҳида устуворлик берилади.

Мазкур қарорга асосан кредит маблағлари «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури шартлари асосида тижорат банклари томонидан деҳқон ва фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи бошқа корхоналарга ер майдонида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчиликни ривожлантириш, полиз, дуккакли, мойли экинлар ва картошка етиштириш учун ҳар бир лойиҳа миллий валютада 100 миллион сўмдан ошмаган миқдорда йиллик 14 фоиз ставкада молиялаштирилади;

кредитлар кичик интенсив боғдорчилик ва узумчиликка 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилдан кўп бўлмаган муддатга, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчиликка 6 ойгача имтиёзли давр билан 2 йилгача муддатга ажратилади;

кредит таъминоти сифатида кредитнинг қайтмаслик хатаридан суғурта қилиш полиси тақдим этилади;

кредитлар деҳқон хўжаликларига янги жорий этилаётган ҳоким ёрдамчиларининг ёзма тавсиясига асосан ажратилади.

Қарорнинг 3-бандида ер тўғрисидаги қонунчилик ва ижара шартномаси талаблари бажарилмаганда, жумладан ижарага берилган ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда ерга бўлган ҳуқуқ Ер кодекси ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунга асосан бекор қилиниши ҳақида деҳқон хўжаликлари орасида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминлаш юклатилган.

Шу билан биргаликда, ердан фойдаланишда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани учун қуйидаги жавобгарлик чоралари назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  2291-моддасига кўра ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, -базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шуннингдек, Ер кодексининг 36-моддасига кўра, бутун ер участкасига ёки унинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи ёхуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

Хусусан, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда;

ер участкасидан тупроқ унумдорлиги пасайишига, унинг кимёвий ва радиоактив моддалар билан ифлосланишига, экологик вазиятнинг ёмонлашувига олиб келадиган усуллар билан фойдаланилган тақдирда;

қонунчиликда белгиланган муддатларда ер солиғи, шунингдек ижарага олиш шартномасида белгиланган муддатларда ижара ҳақи мунтазам тўланмай келинганда;

қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун берилган ер участкасидан бир йил мобайнида ва қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил мобайнида фойдаланилмаганида.

Шуни ёдда тутишимиз лозимки, Ер тўғрисидаги қонунчилик ва ижара шартномаси талаблари бажарилмаганда, жумладан ижарага берилган ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда ерга бўлган ҳуқуқ Ер кодекси ва «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонунига кўра суд тартибига асосан бекор қилинади.

Ушбу мазмунда судьялар томонидан вилоятимиздаги савдода ғолиб бўлиб, ижара шартномалари тузган 23 мингдан зиёд фуқароларга жойларга чиққан ҳолда тушунтириш ишлари олиб борилиб, тайёрланган методик қўлланма тарқатилиб келинмоқда.

М.Мирмақсудов
Ўзбекистон туманлараро иқтисодий
суди раиси