Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида яна бир хусусий мактаб фаолияти йўлга қўйилди
2022-11-14 18:29:37 223
Ўзбекистон тумани Яккатут маҳалласида "New generation school” хусусий мактаби иш бошлади.
Муассасанинг бугунги тантанали очилиш маросимида туман ҳокими ўринбосари Шерзодбек Исмоилов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Бахтиёржон Нажмиддинов, устоз-мураббийлар, ёшлар, жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар мамлакатимиз таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, соҳада хусусий секторга кенг ўрин берилаётгани таълим сифати ва самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилаётгани ҳақида тўхталишди. Туманда ҳам таълим соҳасида хусусий сектор улушининг ортиб бораётганлиги қувонарли ҳолат эканлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир иштирокчилари мазкур мактабда яратилган шарт-шароитлар ва имкониятлар билан танишди.
Қайд этилишича, инглиз ва рус тиллари, IT саводхонлиги чуқурлаштириб ўргатиладиган мазкур мактаб дастлабки босқичда 200 нафар ўқувчи қабул қилиш имконига эга. Муассаса замонавий ўқув қуроллари ва жиҳозлари, мультимедиа воситалари билан таъминланган. Шунингдек, мактабдаги дарслар малакали ўқитувчилар томонидан замонавий педагогик технологиялар асосида ўтилади.
– Ҳозирда 1-4 синф ўқувчилари учун қабул ўтказяпмиз, келгуси йилдан 5-8 синфларни ҳам ташкил этиш режамизда бор. Таълим бериш жараёнида замонавий технологияларни, ривожланган мамлакатлар таълим дастурларини жорий этиш имконияти мавжуд, – дейди мактаб директори Моҳидил Имомалиева.
Ўқувчиларнинг овқатланиши, айниқса, бўш вақтида мактаб ичкарисида ҳордиқ чиқариши, спорт билан шуғулланиши, тадбирлар ўтказиши учун барча шароитлар бор. Мактаб ҳамшираси ўқувчиларнинг саломатлигини доимий назорат қилиб боради. Ўқувчиларга уч маҳал иссиқ овқат берилади.
Дарслардан ташқари ўқувчилар учун математика, ментал арифметика, гимнастика, кураш, шахмат ва ҳунармандчилик каби тўгараклар малакали мутахассислар томонидан олиб борилади.
Лойиҳа доирасида дастлабки босқичда 10 дан зиёд янги иш ўрни яратилган хусусий мактабда 5-7 ёшгача мактабга тайёрлов курслари ҳам ташкилланган.