Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Президент қарорига мувофиқ Ўзбекистон туманидаги маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш учун жорий йил якунига қадар қарийб 70 миллиард сўм маблағ йўналтирилади
2022-11-08 10:31:10 136
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 25 октябрь кунги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 408-сонли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон туманида жорий йил якунига қадар жами 59 та лойиҳани амалга ошириш учун 68 млрд. 68 млн. сўмдан зиёд маблағ ажратилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича ҳудудий ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, улар томонидан маҳаллаларда аҳолининг турмуш даражасига бевосита таъсир кўрсатувчи энг долзарб масалалар ўрганилди ва 2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастури ишлаб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон туманида ҳам сентябр ойида сектор раҳбарлари бошчилигидаги ишчи гуруҳлар, республикадан бириктирилган масъуллар иштирокида ҳар бир ҳудудларда аҳоли вакиллари билан учрашувлар ташкил этилиб, фуқароларнинг ўз маҳаллалари инфратузилмасини яхшилаш юзасидан энг долзарб масала ва таклифлари ўрганилган эди.
Йил якунига қадар амалга ошириладиган лойиҳаларнинг 37 таси ички хўжалик йўлларини асфальтлаш (жами – 107,8 км) билан боғлиқ бўлса, 14 та ҳудудда ичимлик суви, 5 та ҳудудда электр таъминоти яхшиланиб, 2 та ижтимоий соҳа объектлари ҳамда 1 та маҳалладаги кўп квартирали уйларда мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев ва сектор раҳбарлари ҳудудларда маҳалла фаоллари, нуронийлар ва кўчабошилар билан учрашиб, давлат раҳбари томонидан имзоланган қарорнинг мазмун моҳияти, тез кунларда бошланиши кўзда тутилган бунёдкорлик ишлари ҳақида тўлиқ маълумотлар бермоқдалар.
Туман раҳбари шу мақсадда бугун Учбулак, Қўрғонча, Ислом, Қайқуобод, Мевазор, Каримобод, Даҳанақақир ва Беруний маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб, ҳудуд аҳли вакиллари билан учрашувларда амалга ошириладиган ишлар ва қўшимча таклифлар муҳокама қилинди.
“Албатта, биринчи навбатда аҳоли турмуш даражасини оширишга хизмат қиладиган мазкур амалий тадбирлар ижроси билан масканлар кўркига кўрк ҳам қўшилади. Ушбу 59 та лойиҳа айни шу йилнинг якунигача бажариладиган ишлар, келгуси йилдан режадаги қолган вазифаларга киришамиз. Шу ўринда сиз қадрли фуқароларимиздан ҳам ҳар бир маҳаллаларимизда амалга ошириладиган қурилиш-бунёдкорлик юмушларида, ишни сифатли ташкил этилишида жамоатчилик назоратини олиб боришингизни сўраб қоламиз”, деди туман ҳокими ўз сўзида.
Очиқ мулоқотларда аҳоли вакиллари, ўзлари билдирган таклифлар эътибордан четда қолмаётганини таъкидлашиб, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлардан мамнунликларини изҳор қилишди.
Ана шундай учрашувлар секторлар кесимида давом этиб, унда президент қарори мазмуни, маҳаллалардаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган тадбирлар режаси аҳолига етказилмоқда.