Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Маҳаллаларда жиноятчилик муҳокамасига бағишланган йиғилишлар ўтказилди
2022-11-01 23:30:05 162
Бугун Ўзбекистон туманининг “Нурсух”, “Зинаша”, “Каримобод” ва “Беруний” маҳалла фуқаролар йиғинида жиноятчилик муҳокамасига бағишланган навбатдаги йиғилишлар ўтказилди. Уларда туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Шерзоджон Юлдашев, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Бахтиёржон Нажмиддинов ва вилоят ҳокимлиги гуруҳ раҳбари Юсуфбек Камолов қатнашиб, ҳудудларда содир этилаётган жиноятларнинг ижтимоий оқибатлари, омиллар ва уларни бартараф қилиш бўйича тавсиялар ҳақида мулоҳаза юритилди.
Cайёр учрашувларда туман ҳокимлиги, ички ишлари бўлими, сектор ҳудудидаги маҳаллалар масъуллари, жамоатчилик ва ёшлар вакиллари иштирок этди.
Бугунги учрашувларда юқорида қайд этилган маҳаллалар билан биргаликда, “Кичик Тагоб”, “Даҳанақақир” ва “Пасткиқўриқ” маҳаллаларида сентябр-октябр ойлари давомида содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаби ва бу хавфли иллатларнинг олдини олиш чоралари батафсил муҳокама қилинди.
Туманда жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар ва олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан баъзи ҳудудларда айрим жиноят турлари, хусусан, фирибгарлик ва ўғрилик билан боғлиқ жиноятлар сони ортаётганлиги танқид остига олинди. Айниқса, ғаразли ёки бошқа паст ниятларда содир этилган жирканч иллатларга йўл қўйилиши афсусланарли эканлиги таъкидланди.
Қўни-қўшни ва маҳалла-кўй ўз атрофида содир бўлаётган бундай жараёнларга эътиборсиз, бепарволик ва лоқайдлик билан қараб бўлмаслиги ва ҳар доим ён-атрофда бўлаётган ҳодисаларга хушёр кўз билан боқиб, бу каби қонунбузарликларга шароит яратилишига йўл қўйилмаслиги хусусида фикрлар билдирилди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида ҳисобот даврида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан ҳудуд маъсулларига тушунтиришлар берилиб, келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасидаги режалари тингланди. Бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди.