Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон туманида зафар маррасини забт этаётган миришкорлар сафи кенгаймоқда
2022-09-28 20:21:55 135
Туманимиз миришкор деҳқонларининг эрта баҳордан бошлаган машаққатли меҳнатлари билан бу йил ҳам пахтадан мўл ҳосил етиштирилди. Олтин кузнинг шу кунларида илғор пахтакорлар бирин-кетин зафар марраларига эришиб, пахта тайёрлаш шартномаларини уддаламоқдалар.
Бугун тумандаги “Мўйи муборак” зиёратгоҳида ташкилланган эҳсон маросимидан сўнг, кўзлаган мақсадларига етган яна шундай 3 нафар фермерларнинг муносиб ғалабаси туман сектор раҳбарлари, нуронийлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари ва жамоатчилик иштирокида эътироф этилди.
Дашт ҳудудларида пахтадан мўл ҳосил етиштирган “Абдулатиф замини”, “Саховатпеша Зиёджон ғаллачилик” ва “Оқёзибобо барокати” фермер хўжаликлари қимматбаҳо хомашёни тайёрлаш шартномавий режасини уддаладилар.
“Ғаниобод” ММТП ҳудудидаги “Абдулатиф замини” фермер хўжалиги мавсумда 10,7 гектар ердан 39 тоннадан ошиқ ҳосилни териб олган бўлса, Қоратепа даштларини унумдор ерларга айлантираётган “Саховатпеша Зиёджон ғаллачилик” фермер хўжалиги 7,0 гектар ер майдонидан 28 тоннадан зиёд, Оқёзи даштларида деҳқончилик қиладиган “Оқёзибобо барокати” фермер хўжалиги эса 5,2 гектар ерда “оқ олтин” етиштириб, 18,7 тоннадан ошиқ пахта хирмони яратди. Аҳамиятлиси ҳар уччала хўжалик ҳам кўзланган режани биринчи теримдаёқ бажариб, ҳали далаларида мўл бўлган ҳосилни охиригача йиғиб олиб, янада муносиб даромадга эришмоқчи.
Анъанага кўра, бугунги ғолиб миришкорларнинг ҳам меҳнатлари улуғланиб, уларга тўн кийгазилди, белларига қийиқ боғланиб, бошларига эса дўппи қўндирилди. Туман ҳокимлиги ва пахтачилик кластерининг ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари ҳам топширилди.