Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Кунига 200 килограмдан кам бўлмаган пахта тераётган ўқчилик 65 ёшли ҳожи она шу кунгача 5 миллион сўмга яқин қўшимча даромадга ҳам эга бўлди
2022-09-24 23:02:34 127
Ўзбекистон туманида етиштирилган қимматбаҳо хом ашё-пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш авж паллада.
Ҳар жабҳада фаол, тадбиркору миришкор боғбонлар юрти Ўқчи қишлоқларидаги пахта далаларида ҳам “оқ олтин”ни ўз вақтида йиғиштириб олишга киришилган. Бу борада ҳам меҳнаткаш ва уддабурон ўқчиликлар пахтакорларга яқинда кўмакчи, оила бюджетини кўпайтиришда ташаббускор бўлишмоқда.
Ана шундай илғор кўнгилли теримчилардан бири 65 ёшли Кимсаной она Ғуломова “Мусаффо замин Ўқчи” фермер хўжалигида кунига 200 килограмдан кам бўлмаган пахта териб, кўпчиликка ўрнак бўлмоқда.
“Далани, ерни яхши кўраман. Бирор кун меҳнатсиз туролмайман. Айниқса ҳар йили пахта терими бошланди дегунча биринчи кўнгиллилардан бўлиб далага ошиқаман. Фермеримиз ҳам шунга яраша шароит, муносиб даромад билан таъминлайди. Зироатчилик, дала ва боғ ишларидан орттирган ҳалол даромадимдан 2019 йилда Умра зиёратини адо этганман. Уч фарзандни вояга етказдим, саккиз набира ва тўрт нафар эваранинг суюкли момосиман”, дейди Кимсаной она Ғуломова.
Ҳушчақчақ, жисмонан ва руҳан тетик онахоннинг қўшимча қилишича, бу мавсумда хўжаликда терим бошлангандан шу кунгача 5 миллион сўмга яқин қўшимча даромад топиб, бу маблағни ҳали анча кўпайтирмоқчи.
Онахоннинг шу фермер хўжаликда теримда иштирок этаётган яна бир ҳамқишлоғи 29 ёшли Махлиёхон Эргашева ҳам кунига 200 килограмдан пахта териб, хирмонга топширмоқда экан. 96-отряд кўнгилли теримчиси бўлган уй бекасининг таъкидлашича у ҳам доимо ҳалол меҳнати орқали қадр топишни истайди.
Туман ҳокими Шерзоджон Юлдашев бугун мазкур фермер хўжалигида бўлиб, ҳар икки илғор теримчи аёллар ва уларнинг ҳамқишлоқлари билан учрашди.
Фидоийлик, илғорлик намуналарини кўрсаётган опа-сингиллар билан суҳбатларда уларнинг оилаларига фаровонлик, хирмонларга барака тилаб, эсдалик совғаларини топширди.
Маълумот ўрнида, Мартабахон Жалилова раҳбарлик қилаётган “Мусаффо замин Ўқчи” фермер хўжалиги жорий йилда 22,2 гектар ерда пахта етиштирган. Давом этаётган биринчи терим жараёнларида аъзолар ва ана шундай илғор теримчилар ёрдамида шу кунгача 20 тоннадан зиёд хирмон уюлган. Турли дала контурларида эса ҳали ҳосил мўл.